Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шароф Раҳмонов пойтахт ҳокимлиги Франция тараққиёт агентлиги ва унинг Тошкентдаги офиси билан ўзаро ҳамкорликдан манфаатдор эканлигини таъкидлаб, қатор қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканлигини билдирди.
Хусусан, Veolia компанияси билан биргаликда жорий этилиши кутилаётган иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш лойиҳаси бўйича ишларни давом эттириш муҳимлигига эътибор қаратди. Шунингдек, яқин кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукуматга тақдим этилган Тошкент шаҳрининг транспорт тизимини модернизация ва реконструкция қилиш Концепциясини биргаликда амалга ошириш таклифини билдирди.
Франция тараққиёт агентлигининг Тошкентдаги офиси раҳбари Рафаэл Жозан ҳозиргача ўзаро муносабатларимиз мулоқотлар тарзида кечаётганлигини таъкидлаб, амалий жараёнга киришиш икки томон учун ҳам муҳимлигини таъкидлади.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Рахманкулов эса амалий жараёнлар остонасида турганлигимизни маълум қилиб, пойтахтимизнинг иссиқлик тизимини модернизация ва реконструкция қилиш бўйича Veolia компанияси тақдим этган Концепция ҳукумат томонидан маъқулланганлиги ва яқин кунларда уни амалга ошириш юзасидан тендер ўтказилиши, сўнг лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари тайёрланиб, амалий ишларга киришилишини қайд этди.
Бундан ташқари Франциянинг SUEZ компанияси билан ҳамкорликда 7 йилга мўлжалланган “Тошкент сув таъминоти трансформациясининг режаси”ни бажаришга киришилганлигини айтиб ўтди.
Шунингдек, ҳокимлик жорий йилда пойтахтдаги 3 та сув тозалаш иншоотларидан бирини реконструкция қилишни режага киритганлигини ҳамда шаҳардаги иссиқхоналарни замон талаблари даражасида таъмирлаш ҳам долзарб масалалардан бири эканлигини таъкидлади.
ФТАнинг минтақавий офицери Аксел Нос агентлик бу каби шаҳар хўжалиги учун муҳим бўлган лойиҳаларда иштирок этиш, уларни биргаликда амалга оширишга тайёр эканлиги, фақат улар ҳақида атрофлича маълумотга эга бўлгач, лойиҳаларни навбатдаги истиқболли режаларга киритиши мумкинлигини билдирди.
Шароф Раҳмонов яқин кунларда ФТАга ҳокимлик томонидан Тошкент шаҳрининг транспорт тизимини модернизация ва реконструкция қилиш Концепцияси тақдим этилишини маълум қилиб, бу борада ҳам мулоқотлар ва амалий саъй-ҳаракатлар давом этишига умид билдирди.