Учрашувда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосарлари, «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ мутасаддилари, Франция томонидан «SUEZ» компаниясининг вице президенти Эрик Гебали, Марказий Осиё ва Кавказ бўйича бош директори Фабрис Буштей, Франциянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Брис Рокфёй ва бошқа масъуллар иштирок этдилар.
Учрашувда Франциянинг SUEZ компанияси билан ҳамкорликда 7 йилга мўлжалланган «Тошкент сув таъминоти трансформацияси режаси»нинг бажарилиши масаласи муҳокама этилди.
Франция томонининг маълум қилишича, улар пойтахтимизнинг ичимлик суви тизимини тўлиқ ўрганишди, соҳани модернизация қилиш, фаолиятга янги технологияларни жалб этиш учун ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Энди эса умумий маълумотлар таҳлилига асосан манзилли чора-тадбирлар белгиланиб, лойиҳанинг амалий жараёнига киришилади.
Лойиҳанинг амалга оширилиши Тошкент шаҳар сув таъминоти ва оқава сув тармоқлари халқаро стандартлар асосида ишлашини, уларга замонавий бошқарув жорий этилишини таъминлайди ҳамда ичимлик суви йўқотишларнинг олдини олади. Лойиҳа доирасида ходимларнинг малакасини ошириш ҳам кўзда тутилган, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.