Унинг таъкидлашича, ўтган аср ҳам, ундан олдинги асрнинг охирларида ҳам пойтахтда март ойида 184 мм дан кўп ёғингарчилик бўлмаган. Тошкент шаҳрида метеорологик кузатувлар 1870 йилдан бошланган бўлиб, 152 йилдан буён мунтазам ҳеч қандай узилишларсиз давом этмоқда.

Ёши катталар жуда яхши эслашади, 1968-1969 йилнинг қиш мавсуми Ўзбекистонда жуда совуқ ва кўп қорли бўлган. Шу билан биргаликда 1969 йил март ойида ёғинлар ҳам фавқулодда кўп ёғган. Бир ой давомида умумий ёғин 184 мм бўлган. Бу, пойтахтда баҳор мавсуми бошидаги ой учун кузатувлар тарихида энг кўп ёғин ёғган кўрсатгичдир.

Март ойида ўртача ёғингарчилик ой давомида 70.2 мм ёғади. Ҳозирнинг ўзида пойтахтда 168 мм ёғин ёғиб бўлди. Бу, Тошкентда бир йилда ёғиши керак бўлган ёғиннинг 37 фоизидир. Ойдаги меъёрий ўртача қийматнинг эса 240 фоизидир.

Ўзгидромет томонидан ёғинлар пойтахтда 25 мартга ўтар кечаси, 26 ва 27 март кунлари ёғиши прогноз қилинмоқда. Ишончли иқлим моделлари бу давр учун пойтахтда яна умумий 16 мм га яқин ёғин ёғишини прогноз қилган. Балки, ушбу ой охирида пойтахтда тарихий рекорд ёғингарчилик кузатилишига гувоҳ бўлармиз, деб ёзади олим.