Ўзбекистон Президентининг фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов 24-декабрь куни Тошкент шаҳридаги Президент мактабининг битирувчи синф ўқувчилари билан учрашди.
11-синф ўқувчиси Фирдавс Абдуқаюмов АҚШнинг иккита нуфузли олий таълим муассасаси — Ксавье ва Жон Кэролл Университетларига грант асосида қабул қилинди. Ксавье университетига грант миқдори 89 минг доллар, Жон Кэролл Университетига эса 96 минг долларни ташкил этади.
Давлат маслаҳатчиси ютуқлари эътироф этилган Фирдавсни яна бир бор табриклаб, унга Президент совғаси — замонавий компьютерни топширди.
— Президентимиз бир неча бор мамлакатимизда Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётгани ҳақида айтиб ўтдилар. Сизлар мазкур Учинчи Ренессанс даврининг вакилларисиз, — деб таъкидлади Абдужаббор Абдувоҳидов.
Фирдавс Абдуқаюмов Президентимизга совға ва Президент мактабида таълим олиш учун яратилган шароитлар учун миннатдорлик билдирган ҳолда, университетда таҳсил олганидан кейин мамлакатимизнинг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшишини таъкидлади.
Шунингдек, Нукус, Хива, Наманган ва Тошкент шаҳридаги Президент мактаби 11-синф ўқувчилари ҳозирдан хорижнинг нуфузли университетларига ўз ҳужжатларини юборганлар. Фирдавс Абдуқаюмовдан ташқари айни пайтда Тошкент шаҳридаги Президент мактабининг ўқувчиси Темур Сулаймонов Бруклин Лонг-Айленд Университетига 40 минг доллар грант асосида қабул қилинган.
Наманган шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиси Мироншоҳ Иномжонов Буюк Британиянинг Вестминстер ва Гринвич Университетига, унинг синфдошлари Жаҳонгир Амирҳамзаев Гринвич Университетига, Азимжон Ўринов ва Азимжон Алижоновлар Ливерпул Университетига қабул қилинган.
Нукус, Хива, Наманган ва Тошкент шаҳридаги Президент мактабларининг қолган 11-синф ўқувчилари ҳозирда хориж университетларининг қабул бўйича қарорларини кутмоқда.