“Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизматининг маълум қилишича, Тошкентда жамият мутахассислари “Ўзнефтгазинспекция” ходимлари билан биргаликда назорат  тадбирларини ўтказдилар. 

Тадбир давомида пойтахтдаги саккизта автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) фаолияти ўрганилди, шундан тўртта АГТКШда газ ҳисоблаш ускунасига ташқи таъсир ўтказиш йўли билан табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланди. 

Ҳуқуқбузарларга нисбатан табиий газдан фойдаланиш бўйича қайта ҳисоб-китоб амалга оширилиб, қўшимча 7 млрд сўмлик газ ҳажми тақдим қилинди. Хусусан,

-  Юнусобод туманидаги “Алекс Плюс Бизнес” МЧЖга қарашли АГТКШга нисбатан 2.3 млрд. сўмлик  2.3 млн. м³ газ ҳажми;

-  Сергели туманидаги “Poytaxt Gaz Savdo” МЧЖга қарашли АГТКШга нисбатан 1.7 млрд. сўмлик 1.7 млн. м³ газ ҳажми;

-  Учтепа туманидаги “Tashbus Gazoil” МЧЖга қарашли АГТКШга нисбатан 1.3 млрд. сўмлик 1.7 млн. м³ газ ҳажми;

-  Мирзо Улуғбек туманидаги “Tashbus Rauf Shams AAA”  МЧЖга қарашли АГТКШга нисбатан 1.6 млрд. сўмлик 1.6 млн. м³ газ ҳажми ҳисобланди. 

Шунингдек, табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик тўғрисидаги ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди. 

Фурсатдан фойдаланиб, “Ҳудудгазтаъминот “ АЖ истеъмолчилардан табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузмасликларини сўраб қолади ва бундай ҳуқуқбузарликлар қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлишини эслатиб ўтади.