Йиғилишда ёшларнинг бўш вақтини самарали ташкил қилиш масаласи кўрилиб, “Баркамол авлод” мактаблари, “Ёшлик” спорт жамияти ва Ўқувчи ёшлар маркази ягона тизимга бирлаштирилиши зарурлиги белгиланди. Энди бу марказлар тўлиқ таъмирланиб, замонавий, креатив йўналишлар асосида жиҳозланади. Хорижий тиллар, сунъий интеллект, дастурлаш ва анимация тўгараклари очилади.
Мазкур йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан ҳудудларда зарур чора-тадбирлар кўриляпти. Жумладан, пойтахтимиздаги умумтаълим мактабларида “Тошкент тажрибаси” йўлга қўйилди. Лойиҳада ҳудуддаги мактабларнинг ўқитиш сифатини ошириш, тизимда юқори натижаларга эришиш, таълимни янги босқичга кўтариш кўзда тутилган. Шунингдек, унинг доирасида муайян мактабларда касб олди синфлар ташкил этилиб, тиббиёт, АТ ва дастурлаш, муҳандислик технологияси, социология, хорижий тил ўргатиш йўналишлари бўйича ўқувчиларнинг касбий қизиқиш ва кўникмалари ривожлантирилади.
Меҳнат бозоридан ортда қолмаслик керак
— “Тошкент тажрибаси” осонликча ишлаб чиқилгани йўқ. Бунинг учун энг ривожланган, таълим сифати юқори давлатларнинг ўқитиш тизими таҳлил қилинди. Мутахассисларимиз ўша мамлакатларга юборилди. Жумладан, АҚШ, Хитой, Австрия, Финляндия, Россия таълимида кейинги 5-10 йилда меҳнат бозорига қандай касблар бўйича ўқувчилар тайёрланаётгани ўрганилди. Шунингдек, бунинг учун қайси фанларни чуқурлаштириб ўқитиш кераклиги ҳам тадқиқ қилинди. Истанбулдаги инновацион муҳит, Санкт-Петербургнинг таълим моделини ўзлаштиришга ҳаракат қилдик. Умуман олганда, ривожланган давлатлар пойтахтларидаги мактаб таълими ва келажак касблари марказлари фаолиятидан келиб чиқиб, хулосаларимизни умумлаштирдик. Шунда кейинги 10-20 йилликда энг устувор деб қаралаётган йўналиш муҳандислик технологиялари бўлди. Айни йўналишнинг илдизи математика, физика фанларига бориб тақалади. Шу маънода, ёшларга бу фанларни чуқур ўргатиш кераклиги аён бўлади, — дейди Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Дурдона Раҳимова. — Таҳлилий маълумотлар хорижий тилни ўрганишга 30-40 фоиз устуворлик берилаётганини кўрсатди. Бунда асосий натижа ёшларнинг чет тилларни пухта ўзлаштириб, халқаро сертификатларни қўлга киритганида кўринади. Устувор йўналишлардан яна бири ахборот технологиялари ва дастурлашдир. Бугун сунъий интеллект ривожланиши туфайли кўплаб касблар долзарблигини йўқотяпти. Шу маънода, сунъий интеллектдан-да салоҳиятли кадрлар тайёрлаш мақсади бунга 20-25 фоиз эҳтиёж борлигини кўрсатяпти. Ҳар қанча технологик юксалиш бўлмасин, сунъий интеллект ривожланмасин, ўрганишлар кейинги 5-10 йилликда тиббиёт ходимлари энг талабгир касб эгаларига айланишини маълум қиляпти. Тиббиёт йўналишидаги касб олди синфлари шундан келиб чиқиб ташкил этилди.
Бугунги аксарият болалар қизиқаётган соҳа — тадбиркорлик. Бу табиий. Улар юртимизда бизнес муҳити ривожлангани сари кўз ўнгида катта бизнес эгалари қаҳрамонга айланаётганини кўриб, мен ҳам ишбилармон бўламан деяпти. Қолаверса, нафақат болаларда, ота-оналарда ҳам касб танлаш борасида янгича қарашлар кузатиляпти. Мамлакатимизнинг кейинги йиллардаги ижтимоий-иқтисодий ривожланишини ҳисобга олсак, йилига икки баробар кўп тадбиркорлик субъектлари очиляпти. Шунинг учун ҳам бизнесда, айниқса, хизмат кўрсатиш соҳасида имкониятлар катта. Тўғри, янги тажриба доирасида ўқувчига мактабни битириши билан кредит берилиб ёки иш билан таъминлаб қўйилмайди. Уларни ҳаётга тайёрлик руҳида тарбиялаймиз, яъни аниқ йўлини мактабданоқ кўра билишига эришмоқчимиз.
Биз юқорида айтган давлатларнинг барчасида бизнес ва менежмент дарслари йўлга қўйилган. Булар оддий дарслар эмас, бошқарувнинг ҳақиқий сир-асрори, самарадорликни кўрсатадиган, иқтисодиётни, маркетингни, янги замонавий йўналишларни ўргатадиган машғулотлар. Шунинг учун бу билимларни ўргатишга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Келажакдаги устувор фанлар сифатида гуманитар фанларга кейинги 5-10 йилликда 10 фоиз устуворлик бериляпти.
Юқорида айтганимдек, буларнинг барчасини чуқур таҳлил қилганимиздан сўнг “Тошкент тажрибаси”га киришдик. 7-11-синф ўқувчилари ва ота-оналари иштирокида сўровномалар ўтказиб, 12 та мактабнинг 60 та синфидан сараланган 1800 ўғил-қиз билан янги лойиҳани йўлга қўйдик. Касб олди синфлар умумкасбий ва умумтаълим йўналишларида ташкил этилди. Мана, тажрибанинг иккинчи ойи якунланяпти. Ўқувчилар тушгача давлат таълим стандарти бўйича, тушдан сўнг соат 17:00 гача “Тошкент тажрибаси” доирасида таълим оляпти. Интернат тизими бўлгани боис, улар маҳаллий бюджет ҳисобидан бепул тушлик билан таъминланяпти.
Ўқитувчилар ҳам ёзги таътилда ҳар томонлама ўрганилиб, саралаб олинди. 150 педагогга чуқурлаштириб ўтадиган машғулотлари учун KPI тизими асосида маош тўланади. Иш самарадорлиги дарс жараёнида ўқувчиларни қизиқтира олиш даражаси ва болаларнинг ўзлаштириш кўрсаткичи асосида баҳоланади.
Ҳокимлик вакилининг айтишича, бу тажрибага жалб қилинган синфлар аллақачон олий таълим муассасалари ва корхоналарга интеграция қилинган. Илмий-методик базани мустаҳкамлашда таълим даргоҳлари, амалий машғулотларни ташкил қилиш борасида эса йирик ишлаб чиқарувчи корхоналар масъулликни зиммасига олган. Тиббиёт синфларининг асосий илмий-методик базаси таъминотчиси Тошкент давлат тиббиёт университетидир. Ўқувчилар олийгоҳ лабораторияларидан фойдаланади, профессор-ўқитувчиларнинг маҳорат дарсларида қатнашади, тиббиёт клиникаларидаги амалий жараёнларга гувоҳ бўлади.
Муҳандислик технологиялари синфлари Турин политехника университетига бириктирилган. Уларнинг асосий иш берувчиси Яшнободдаги технопарк ва Янгиҳаёт туманидаги “Янги авлод” махсус саноат зонаси бўлиши режа қилинган. Хуллас, ўқувчилар нинг амалий саъй-ҳаракатлари ишлаб чиқариш билан боғланиши керак. Aхборот технологиялари ва дастурлаш синфлари Тошкент ахборот технологиялари университетига бириктирилган. Шунингдек, бўлажак дастурчилар шанба кунлари АT паркка боради. 400 га яқин ўқувчи код териш, дастур яратиш каби ишлар билан банд бўляпти.
— Олдимизда тажриба синфларини кузатиш, синов самарадорлиги ва ижтимоий аҳамиятини таҳлил қилиш вазифаси турибди, — дейди Дурдона Раҳимова. — Натижалар кутганимиздек чиқса, касб олди синфлар кўпайтирилади. Зеро, мамлакатимизга имкон қадар катта ҳажмда келажак касбларини олиб киришимиз керак. Шу пайтгача мактабда касб ўргатиш деганда тикувчилик, ошпазликни тушуниб келдик. Бугун электр симини улаш, лампочка ўрнатиш каби майда юмушлар шундоқ ҳам ҳаётий кўникма, меҳнат тарбияси маҳсули экани кундек равшан бўлиб нинг амалий саъй-ҳаракатлари ишлаб чиқариш билан боғланиши керак. Aхборот технологиялари ва дастурлаш синфлари Тошкент ахборот технологиялари университетига бириктирилган. Шунингдек, бўлажак дастурчилар шанба кунлари АT паркка боради. 400 га яқин ўқувчи код териш, дастур яратиш каби ишлар билан банд бўляпти.
— Олдимизда тажриба синфларини кузатиш, синов самарадорлиги ва ижтимоий аҳамиятини таҳлил қилиш вазифаси турибди, — дейди Дурдона Раҳимова. — Натижалар кутганимиздек чиқса, касб олди синфлар кўпайтирилади. Зеро, мамлакатимизга имкон қадар катта ҳажмда келажак касбларини олиб киришимиз керак. Шу пайтгача мактабда касб ўргатиш деганда тикувчилик, ошпазликни тушуниб келдик. Бугун электр симини улаш, лампочка ўрнатиш каби майда юмушлар шундоқ ҳам ҳаётий кўникма, меҳнат тарбияси маҳсули экани кундек равшан бўлиб қолди. Замонавий касблар эса тармоқларга, соҳаларга кадрлар етказиб беришни назарда тутади. Бу умуман бошқа тизим. Айни пайтда хизмат кўрсатиш, айниқса, савдо соҳасида ишчи кучига эҳтиёж катта. Иш берувчилар муносиб кадрлар йўқлигидан қийналяпти.
Чунки юқорида айтилганидек, тикувчи ва ошпаз, нари борса, сантехникларни тайёрлаб келдик. Супермаркетларга қадоқловчи, кассир тайёрламадик. Бунинг учун 3-4 йиллаб ўқиш ҳам шарт эмас, 3-6 ойлик курслар кифоя. Шунинг учун ҳам корхоналар ўзига ўқув маркази ташкил қиляпти. Оддий мисол, “Корзинка” савдо дўконлари тармоғи яқинда Чилонзор туманида кадрлар тайёрлаш учун савдо академиясини очади. Чунки мижозлар билан ишлаш кўникмаси етишмаслигидан кадрлар қўнимсизлиги кўпайиши натижасида бугунга келиб, кўплаб иш ўринлари пайдо бўлган. Бу нимадан келиб чиқяпти? Таълимни меҳнат бозорига мослаштира олмаганимиздан, келажак касбларини олдиндан кўра билмаганимиздан. Нима учун энг ривожланган давлатларда болалар дрон ясаяпти? Чунки улар 5-10 йилдан кейин барча соҳалар автоматлашиб, дронлашиб кетишини билади. Шундай экан, биз ҳамон анъанавий касбларимизни ўқитишда давом этсак, таълим меҳнат бозоридан ортда қолаверади. Болаларимизни мактаб давридан муайян касбни танлашда қатъий бўлишга ўргатиш, бунинг учун шу касбга меҳрини оширишимиз керак.
Касб олди синфларни ташкил этишда ўқувчиларни саралаб олиш жуда қийин кечди. Уларнинг аксарияти қайси касб эгаси бўлиши ҳақида ҳали ўйламаган, келажакда ўзини ҳеч қайси соҳада кўра олмайди. Тўғри, бунда асосан ота-оналарнинг фикри ҳам бирламчи бўлиб келган. Ота касбини давом эттириш, улар айтган йўналишни танлаш керак деган тушунчалар бизни меҳнат бозоридан ортда қолдирди. Бироқ энди ҳаммасини тўғри тушуниб етсак, ҳаракат қилсак, келажак касбларида ҳам фаол бўлиш, таълим тизимимизни соҳаларга, тармоқларга тўғри интеграция қилишга эришишимиз мумкин.
Қўшимча даромад ҳаммага ёқади
— Аввало, бу тажриба учун мактабимиз танлаб олингани муваффақиятимиз эканини айтмоқчиман, — дея бизни илиқ қаршилаган Миробод туманидаги 154-мактаб директори Насиба Мирсоатова. — Ўқитувчиларимиз ҳам илмий, ҳам психологик жиҳатдан синовдан ўтди. Бу, албатта, тўғри. Чунки саралаб олинган ўқувчилар билан ишлаш қобилияти ва маҳорати етарлими деган нуқтаи назардан педагогларни ҳам саралаш зарур.
Ёш бўлса-да, ўзига катта ишонч билдирилгани ва янги тажрибага жалб этилганидан хурсанд бўлган мактаб ўқитувчиси Моҳира Шодиёрова ҳам лойиҳа хусусида илиқ фикр билдирди.
— Танланган синфларга дарс беришнинг ўзига яраша масъулияти бор. Фақат ва фақат натижа учун ишлаш керак. Барча тажриба синфларида она тили чуқурлаштириб ўтилади. Зеро, ўқувчи қайси олий таълим даргоҳига имтиҳон топширмасин, она тилидан тест топшириқларини ечади. Тўғри, аввалига кун давомидаги дарс биологик жиҳатдан ўқувчиларимизни бироз толиқтирди. Лекин ҳозир ҳаммаси мослашиб, кўпроқ ўқиш ва ўрганишга кўникиб кетган. Болаларнинг ўзига ишончи ортиб боряпти. Мана шундай билимга ташна, фаол ўқувчилар билан ишлаш ўқитувчига жуда маъқул. Шу пайтгача миллий сертификатим борлиги учун 50 фоизлик устама олиб келаётгандим. Энди тушдан кейин ўтаётган дарсларим ҳисобига минг доллардан зиёд маош оладиган педагоглар сафидаман.
* * *
Янгиҳаёт туманидаги 332-мактабда бизнес ва менежмент йўналиши бўйича дарс бераётган Нилуфар Йўлдошева ҳам ёш ўқитувчилардан. У шу йил иқтисодиёт йўналишини тамомлаган бўлса-да, менежер, ёрдамчи ҳисобчи сифатида анчадан буён ишлаб келаётгани боис, етарли тажрибага эга. Нилуфар ўзи дарс бераётган ўқувчилар, айниқса, ўғил болаларнинг бизнесга катта қизиқиш билдираётгани, ҳозирдан кичик-кичик бизнес ғоялар туза олаётгани, бу эса уни ўз устида янада кўп ишлашга ундаётгани ҳақида гапирди.
— Бундай дарс умумтаълим мактабларида аввал бўлмаган. Тўғри, иқтисод фанига ўхшаб кетадиган жиҳатлари бор. Лекин бизнес ғоялар, маркетинг, бизнес ғоя учун стратегиялар, стартаплар ҳақида ўтилмаган. Ҳали иш режаси бўлмаган пайтда ҳам бизнес нималиги, бизнес режа тузиш, маркетинг, менежментдан илк тушунчаларни бериб бордим. Бир ҳафтада 8 соат дарс ўтаман. Мактаб уйимизнинг ёнгинасида, ортиқча овора бўлмайман. Қўшимча даромад тўлалигича оиламиз бюджетига қоляпти, — дейди у.
“Болаларимиз беҳуда юрмаяпти”
— Турмуш ўртоғим ҳам, мен ҳам савдо соҳасида ишлаймиз. Кенжа ўғлимиз Яшнобод туманидаги 154-мактабнинг 8-синфида ўқийди. Янги тажриба йўлга қўйилгани, аввало, болаларнинг ўзи учун, қолаверса, биз каби кун бўйи ишда юрадиган ота-оналар учун айни муддао бўлди. Чунки энди “фарзандим мактабдан тўғри уйга келдими, тушлик қилдими, ундан сўнг нима билан машғул бўляпти?” деган ўй бизни хавотирга солмаяпти. Акс ҳолда, балоғатга етган фарзанднинг нималар билан бандлигини назорат қилиб турмасангиз бўлмайди. Кун бўйи ўқиган ўғил-қиз кечки пайт чарчаб келади. Уй вазифаларини қилади-ю, барвақт ётиб ухлайди. Шунинг учун ҳам фарзандимиз AT ва дастурлаш синфига танлаб олинганидан хурсандмиз. Ҳар шанба куни AT паркка бораётгани, ўзи қизиққан кўп кўникмаларни ўзлаштириб олаётгани учун ҳам кундан кунга “Тошкент тажрибаси”га боғланиб қоляпти, — дейди мирободлик Фарида Абдувалиева.
Яшнобод туманидаги 339-мактаб ўқувчиси Моҳинур Саидаҳмадованинг онаси Зулайҳо Раҳмонова эса қизининг тиббиёт университетига грант асосида ўқишга киришига умид боғлаб турибди.
— Қиз боланинг оилада, жамиятда ўз ўрнини топиши ота-онасининг фарзанди таълимига эътиборига боғлиқ. Қизларни ўқитишдан фойда йўқ деганлар хато қилади. Ҳеч қаерда ишламаса ҳам фарзанди тарбиясида оналарнинг маълумоти катта ўрин тутади, — дейди Зулайҳо опа. — Энг муҳими, бу лойиҳада фарзандларимиз 5 та фан бўйича сертификат олиши мумкин. Чунки улар беҳуда юрмаяпти, кечгача мактабда машғулотлар билан банд. Ҳар куни таассуротлари ҳақида тўлқинланиб гапириб беради. Айниқса, энди тиббиёт университетига бориб, лабораторияларда амалий жараёнларни кўриши мумкинлигидан севиниб юрибди.
* * *
“Тошкент тажрибаси”га қамраб олинган ўқувчиларнинг ота-онаси ушбу эзгу лойиҳа давомли бўлиши, мамлакатимиз бўйлаб кенг ёйилиши тарафдори. Албатта, бу — илк қадам. Янги Ўзбекистон таълим тизимида илгари кузатилмаган, ёш авлоднинг нурли эртаси, юрт фаровонлиги, тўкинликни мақсад қилган эзгу одим.
Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири