Шу маънода, Тошкент вилояти ИИББ ходимлари ҳам ҳудудларда жиноятчиликни олдини ва фош этиш билан бирга, аҳолини хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиши бўйича ҳам мунтазам назорат-рейд тадбирларини ташкил этиб келадилар.

Жумладан, куни кеча вилоят ИИББ Карантин тадбирларини таъминлаш бўлинмаси ва Прокуратура департаменти ходимлари билан ҳамкорликда Зангиота тумани ўтказилган тадбир давомида, 1993 йилда туғилган фуқаро Б.Т. (қассоб)га тегишли туман «Гулбоғ» маҳалласида жойлашган (ноқонуний) «қушхона» холислар иштирокида кўздан кечирилган.

Текшириш давомида қушхонада санитария талабларига жавоб бермайдиган ҳолатда сақланаётган, инсон ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган (текширув хулосаси билан) вазни 1 тонна 271 кг гўшт маҳсулотлари далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилиб олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Б.Т. ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 186-моддаси (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.