Хусусан, жорий йилнинг ўтган 6 ойида ваколатли органлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилишида 13 855 та  қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди. Буларнинг 13 279 тасида муддат бузилган бўлса, 264 та ҳолатда мурожаатлар асоссиз рад этилган. Шунингдек, 11 та ҳолатда ортиқча ҳужжатлар талаб этилган, 199 та  ҳолатда эса тўғридан-тўғри хизмат кўрсатилганлиги боис масъул шахсларга нисбатан таъсир чоралари қўлланилган.

Ўрганишлар натижасида “Тошкентсувтаъминот”  МЧЖ ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан 4 937 та, газ таъминоти ҳудудий филиали томонидан 3 871 та, ер ресурслари ва кадастр хизмати томонидан 1 334 та қонун бузилиши ҳолати аниқланган. Шунингдек, 954 та ҳолатда қурилиш бўлими, 876 тасида соғлиқни сақлаш муассасалари, 584 тасида солиқ органлари тизимида, 440 та ҳолатда электр таъминоти корхонаси, 416 та ҳокимликлар, 152 тасида эса бошқа хизмат кўрсатувчи идораларда қонунбузилиши ҳолатлари қайд этилди.

Бунинг натижасида бошқарма томонидан ваколатли идораларга 94 та огоҳнома, 21 та тақдимнома киритилди. 70 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилиб, 4 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. 164 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланилди, дея маълумот беради ДХА Тошкент вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи Қаҳрамон Хафизов.