19 июнь куни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Тошкент вилояти бошқармаси Бекобод шаҳар бўлими бошлиғи, давлат инспектори Муҳаммаджон Фозилов хизмат вазифасини бажараётган вақтида пичоқланди.

Инспекторга тиббий ёрдам кўрсатилди. Бемор операция қилиниб, жонлантириш бўлимига ўтказилган.

Шунингдек, Тошкент вилоят ИИББ ахборот хизматининг маълум қилишича, гумондор процессуал тартибда ушланган.

Қайд этилишича, ҳолатга шахсларнинг ўзаро келишмовчиликлари сабаб бўлиб, жанжал вақтида фуқаро ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи билан таниши (М.Ф.)га қасддан тан жароҳати етказган.

Бекобод шаҳар Экология бўлими бошлиғи 1987 й.т. М.Ф. га нисбатан тан жароҳати етказилгани юзасидан 19 июнь куни Бекобод тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) «л» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.