Навбатдаги тезкор-қидирув тадбирлари давомида Тошкент вилоятида бир нечта йирик наркосавдо ҳолатларига барҳам берилди.
Хусусан, Чиноз туманида ўтказилган тезкор тадбирда Бекобод шаҳрида истиқомат қилувчи, муқаддам айнан гиёҳвандлик воситалари савдоси учун судланган шахс (1980 й.т.) навбатдаги жинояти устида қўлга олинди. У шартли харидорга 200 грамм «гашиш» моддасини 50 миллион сўмга сотаётган вақтида ушланган.
Амалиёт шу билан тўхтаб қолмади. Тезкор тадбирнинг давомида мазкур шахс жиноий йўл билан топган пулнинг 6,9 миллион сўмини ўз шеригига (1989 й.т.) бераётган вақтда иккаласи ҳам қўлга олинди. Иккинчи шахснинг ёнидан яна 500 грамм «гашиш» моддаси топиб олинди. Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Навбатдаги йирик ушлаш Бекобод туманида амалга оширилди. «Cobalt» русумли автомашинада йўловчи сифатида кетаётган Тошкент шаҳрида яшовчи шахснинг (1973 й.т.) ёнидан 600 грамм «опий» моддаси топилди. Сўроқ давомида у ушбу моддани Бекобод шаҳрида яшовчи танишидан 5 минг АҚШ доллари ва 5 миллион сўмга сотиб олганини тан олди.
Кўрилган тезкор чоралар натижасида асосий наркосавдогарнинг хонадонидан 1 кг 47 грамм «опий», унинг яна икки нафар шеригидан эса 335 грамм «опий» моддаси ашёвий далил сифатида олинди. Аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситалари мамлакатимизга Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб кирилган.
Ушбу гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.