Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент туманида фаолият юритувчи дорихоналардан бирига тегишли омборхона белгиланган тартибда текширилди.
Текширув натижасида омборхонада 1209 турдаги, жами қиймати 38 млрд сўмга тенг дори воситалари сақланаётгани аниқланди. Шундан тахминан 20 млрд сўмлик дори воситалари халқаро GDP (сақлаш, олиб келиш ва реализация қилиш) талабларига жавоб берувчи сертификатга эга эмаслиги ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги қошидаги Сертификатлаш органидан тегишли лицензия олмаган ҳолда сақланаётгани маълум бўлди.
Шунингдек, омборхонада умумий қиймати 263 млн 921 минг сўмни ташкил этувчи 30 турдаги 10 509 қути дори воситаларининг яроқлилик муддати ўтгани, 3 турдаги 639 қути дори воситалари ҳамда 243 дона гель воситаларининг яроқлилик муддатлари қалбакилаштирилгани аниқланди.
«Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» давлат муассасаси хулосасига кўра, дорихона мансабдор шахслари томонидан дори воситалари лицензияда кўрсатилган бинодан ташқарида сақланган.
Бундан ташқари, 10 турдаги дори воситалари учун мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилмаган, 1 турдаги дори воситаси контрафакт тарзда тайёрланган, 9 турдаги дори воситалари давлат рўйхатидан ўтказилмаган ҳамда 20 турдаги яроқлилик муддати тугаган дори воситалари белгиланган тартибда йўқ қилинмасдан сақланаётгани маълум бўлди.
Шу сабабли мазкур дори воситаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сақлаш, сотиш, ташиш ва тиббиёт амалиётида қўллаш тақиқланди.
Айни пайтда дорихона мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 186³-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.