Форумда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов AКТ йўналишида ёшлар учун яратилган имкониятлар ва истиқболдаги вазифалар тўғрисида сўзлади.

Таъкидланганидек, бугун ахборот- коммуникация ва рақамли технологиялар иқтисодиётнинг барча тармоғига ва ҳаётимизнинг барча жабҳасига кириб келмоқда. Шу боис, ҳозир IТ — меҳнат бозоридаги энг истиқболли ва рақобатбардош касблардан бири. Рақамлаштириш жараёни меҳнат бозорини тубдан ўзгартиряпти: инсон иштироки камайиб, қатор касблар йўқолиб кетмоқда. Шунинг учун ҳам IТ кўникмаларини ўзлаштириш ва хорижий тилларни билиш ҳозирги кун талабига айланмоқда.

Вазир AКТ соҳасида ёшлар учун яратилган имкониятларга алоҳида эътибор қаратди. IТ мутахассисликларини ўзлаштиришни хоҳлаётган ёшлар қатор афзалликларга эга бўлади. Юқори маош, қизиқарли лойиҳаларни амалга ошириш, меҳнат қилиш учун қулай шароит, масофадан туриб ишлаш имконияти шулар жумласидан.

IТ маҳсулот ва хизматларни экспорт қилиш ҳам соҳанинг муҳим афзалликларидан бири. Шу маънода, истиқболли IТ йўналиши сифатида BPo (бизнес жараёнларни аутсорсинг қилиш)ни ривожлантириш ҳам долзарб аҳамиятга эга.

 — Агар илгари абитуриент олий ўқув юртидаги IT йўналишни танласа, бу ҳеч кимга керак бўлмаслигига ишора эди. Бугун эса, соҳа ҳаётимизнинг барча жабҳасида кераклигига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Пандемия буни исботлади, — деди Шерзод Шерматов. — Бугун IT мутахассисларининг иш ҳақи етарлича рақобатбардош: ойига 4 минг долларгача ишлаб топиш мумкин. Ҳозир мамлакатимиздаги турли IT компанияларда 440 та бўш иш ўрни мавжуд.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов “Тошкент ёшлар форуми – 2021” доирасидаги учрашувда олий таълим муассасаларидаги ўқув фанларини қисқартириш ҳақида сўз юритди.

 — Ҳозир вазирлигимиз олдидаги вазифалардан бири семестрдаги фанларни қисқартириш, — деди А.Тошқулов. — Талаба бир семестрда, борингки, 5-6 та фан ўқисин, аммо мукаммал ўзлаштирсин. Бу — дунё тажрибаси. Иккинчи босқичда танлов фанларни кўпайтириш зарур. Энди талаба имкон қадар ўқитувчи ва фанларни танлаши учун имконият яратилади. Ҳамма нарса талаба атрофида бўлиши керак.

Олий таълим муассасаларида таълим сифати ва самарадорлиги ҳамда ўқув жараёнида электрон ресурслардан фойдаланиш кўлами ошишига алоҳида эътибор қаратамиз. Олий таълимнинг меъёрий-услубий тизими халқаро стандартларга мувофиқ жорий этилади. Бунинг натижасида мамлакат олий таълим тизими жаҳон таълим маконига тўлиқ интеграция қилинади. Халқаро академик ва илмий мобиллик ҳуқуқий асосга эга бўлиб, кескин кенгаяди. Дипломлар, академик ва илмий даражалар конвертацияси учун шароит яратилади. Шунингдек, таълим дастурларини халқаро миқёсда уйғунлаштириш имконияти кенгаяди. Мамлакат олий таълим муассасалари халқаро рейтингларда тенгма-тенг иштирок этиши учун қулай вазият юзага келади. Таълим жараёнига хорижлик мутахассисларни жалб қилиш, қўшма дастурлар асосида ўқитиш ҳамда халқаро академик ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш кўлами кенгаяди.

Тошкент ёшлар форумида иштирок этиш истагини билдириб, рўйхатдан ўтган йигит-қизлар сонининг 15 мингдан ошгани мазкур тадбирнинг кўлами янада ортиб бораётганидан далолат беради.

Форум давлат сектори раҳбарлари, вазирлар, қатор мамлакатлар элчилари, санъат намояндалари билан учрашувлар, викторина ўйинлари, модалар намойиши, Ўзбекистон миллий симфоник оркестри концерти ҳамда бошқа маънавий-маърифий тадбирлар билан давом этмоқда.

Рисолат Мадиева,

“Янги Ўзбекистон” мухбири