Мустабид шўро тузумининг авж палласи. Биз – Тошкент давлат университети(ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультети талабалари бўлмиш бир гуруҳ ёшлар “Метро ишга тушар экан” деган хушхабардан ўзимизда йўқ шод, бу янгиликнинг “суюнчи”сига бир кунлик дарсларнинг баҳридан кечиб, ақл бовар қилмайдиган мўъжизавий ер ости поездига тезроқ минишга ошиқиб бормоқдамиз. Самарқандда олий ўқув юртларида ўқийдиган мактабдош ҳамқишлоқларимиз ҳам шундай завқ ва иштиёқ билан ўқишини ташлаб, метрони кўришга келган...
Ўқув йилининг илк ойи – сентябрь тугаб-тугамай пахта йиғим-теримига оммавий сафарбар қилинадиган, ҳали ўспиринлик давридан чиқмаган талаба-ёшлар учун метронинг ярқираган ям-яшил вагонларида “сайр” қилиб юриш чинакам мўъжиза эди. Тарих ХХ аср, сана – етмишинчи йилларнинг иккинчи ярми нари-бериси. Орадан ўн-ўн беш йиллар ўтиб, қанча ёлғон тузумлару сохта таълимотлар барбод бўлишини биз ҳали билмас эдик.
...Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 29 йиллиги байрами арафасида янги давру замонамизнинг мутлақо ўзгача қиёфа ва тимсолини ўзида мужассам этган Тошкент метроси Юнусобод йўналишининг нурафшон ва мунаввар “Туркистон” бекатига янги замонавий вагонларда кириб борар эканмиз, менинг хаёлимдан салкам ярим асрлик аввалги узуқ-юлуқ хотиралар темир йўл шпалларидай ялт-юлт ўта бошлади. Талабаликдаги 18-19 ёшли ҳайратларим янги Ўзбекистоннинг уч йиллик ҳамда менинг олтмиш баҳор ва кузлардан ўтган умрим палласидаги ҳайратлар олдида ҳолва экан.
Янги замонда янги метрополитендир бу,
Тошкент зар чопон бўлса, янги зарҳал енгдир бу.
Рақамлар тили билан айтганда, Тошкент метрополитени Юнусобод йўналиши иккинчи босқичининг қурилиши амалга оширилиш муддати 2017-2020 йиллар —уч йил деб белгиланган. Лойиҳани амалга ошириш доирасида салкам уч километр узунликдаги метро йўли ҳамда “Юнусобод” ва “Туркистон” метро бекатлари бунёд этилди. Лойиҳа умумий қийматининг 103,8 миллион долларлик маблағидан 51 миллиони давлат бюджетидан, қолган 52,8 миллион миқдоридаги қисми эса Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан қопланди. Метрополитеннинг ер ости тоннель қисми диаметри 6,1 метрни, метро бекатларининг умумий баландлиги 17,2 метрни ва бекат платформаси узунлиги 102 метр, кенглиги эса 18,5 метрни ташкил этади. Шунча меҳнату заҳмат эвазига, соғинч ва изтироблар, уйқусиз тунлар, уйғоқ ақл-идрок ва теран тафаккурдан кутилган мақсад — элдошларимизга қулайлик, халқимизнинг оғирини енгил қилиш. Демак, “Юнусобод” ва “Туркистон” бекатлари орқали кунига 7,5 минг йўловчининг узоғини яқин қилиш кўзда тутилган. Шаҳар табиатининг тозалигини сақлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Йилига 5,3 минг тонна зарарли газларнинг об-ҳавони заҳарлаши олди олинади. Бу миллат соғлиғини ҳимоя қилиш демакдир.
Бугунги сертаҳлика дунёда, кўринмас офат-бало ҳар лаҳза, ҳар соатда инсонлар жонига қасд қилиб турган қийин бир шароитда бунёдкорлик ва яратувчанлик завқу шавқи билан яшамоқ юксак инсоний олижанобликдир. Янги ишга туширилган ер ости ва ер усти метро йўллари, муҳташам метро бекат-қасрлари, ташқарига чиққанда эса кўзни қамаштирадиган кенг ва равон шоҳкўчалар, кўп қаватли уй-жойлару энг замонавий технопарклар ўзидан ўзи осонгина бино бўлиб қолган эмас. Буларнинг барчаси, авваламбор, қудрат манбаи, саодат маскани бўлмиш жонажон Ватанимиз — янги Ўзбекистонимизнинг тиниб-тинчимас лойиҳачилару меъморлари, қурувчи ва муҳандислари, барча фидойи ватандошларимиз меҳнатининг улуғвор самарасидир.
Раҳматли бобомнинг бир ҳикматли сўзини отам бизга қайта-қайта насиҳат қилиб айтар эди: “Ватанга ҳам, ерга ҳам меҳр керак, меҳнат керак, болаларим! Ҳамма ёмонлик бемеҳрлар ва бекорчилардан чиқади”.
Кейинги икки-уч йил ичидаги азим пойтахтимизда бўй кўрсатган янгиланишлар, айниқса, Юнусобод ва Яшнобод туманлари мисолидаги бунёдкорлик ишларига қанчалар меҳр ва меҳнат, матонат ва шижоат сарфланганини Ватанни англагандай юрак-юракдан ҳис этамиз. Модомики, гап меҳр ва садоқат ҳақида кетар экан, касб-кори ва юмушидан қатъи назар, элдошларимизнинг оддий инсоний туйғулари айни шу кунларда, мураккаб ва синовли дамларда халқимизнинг умуммиллий олижаноб фазилатлари билан имтиҳондан ўтаётир. Демак, меҳрда гап кўп. Қийин кунимиз ҳам, яхши кунимиз ҳам ўзимизники. Бас, шундай экан, меҳримизни ҳеч қачон бир-биримиздан дариғ тутмайлик.
Бугун сизга оқ дастурхон тўшар ҳаёт,
Таронани тоғорага қўшар ҳаёт,
Ҳам сингил, ҳам ёрингизга ўхшар ҳаёт –
Меҳрингизни қизғанманг бир-бирингиздан.
Худди кўнглимиздаги кечинмаларни сезаётгандай чарақлаган метро поезди кенг ва ёруғ, Шарқ қуёши порлаб тургандек нурафшон бекатга келиб тўхтади. Вагон овознигорига ёзилган жарангдор сўзлар янграйди: “Эшиклар очилади. “Туркистон” бекати!” Бир қарашда оддий хитобдек туюлган бу ибора замирида беихтиёр томирлари мозийларга бориб тақалгувчи теран ҳикмат, қадимий эл-улуснинг қадим тарихи ниҳон эканини англайсиз. Демак, ҳозирги замон қасрлари, бино ва иморатларининг меъморий ечимларида боболарнинг дарду армонлари, бугунги ва келажак авлодларнинг орзу-ҳаваслари бадиий ва тасвирий тилсимлари ўз рамзий ифодасини топган. Бекат деворлари, суратлар, порлоқ чироқлар, кошинлар ва устунларгача, оддий нақшу безакларгача зиё таратиб турган китобга ўхшайди. Бу муҳташам ва сермазмун қаср-китобдан каттаю кичик Ватан дарсини, миллий ва умумбашарий қадриятлар сабоғи ва тарбиясини олади.
“Туркистон” бекатининг қадимият обидалари нақшланган бўртма деворий суратларига синчиклаб қараган навқирон йигит-қизлар бамисоли тарих китобини мутолаа қилгандек, аждодларимизнинг бебаҳо маърифий меросини ўргангандек бўлади. Шу маънода “Туркистон” бекати кўргазмали дарсхонага ўхшайди. Давлатимиз раҳбари қайта-қайта таъкидлаганидек: “Нафақат илм ва иқтисодиёт, балки тарбия бизни юксалтиради”.
... Хаёлимиз беихтиёр олис мозийлардан яқин ўтмишга, аниқроғи, улуғ устозларимиз “тилим боғлиқ, дилим доғлиқ”, дея армон билан куйлаган ўтган асрнинг саксонинчи йилларига кўчади. Устоз Эркин Воҳидов “Туркистон бир — Ватан бир” шеърида ҳам мана шундай замонларни қўмсаб, соғиниб:
Ул қаср ичра бари
аҳли жаҳон меҳмон бўлур,
Бир тамошо қилган одам
лол бўлур, ҳайрон бўлур, —
дея орзу қилганидек, биз мана шу эзгу ниятларнинг ижобатини бугун шундоққина кўз ўнгимизда кўриб турибмиз.
Замон шиддат билан ўтмоқда. Вақт суръати тезоқар дарёдан ҳам илдамроқ ўзиб бораётир. “Туркистон” метро бекатида салкам ярим соатлар кечган вақтимиз давомида биз йўл-йўлакай, узуқ-юлуқ таассуротлар билан эмас, бутун тарих ва ўтмиш, бугун ва келажак, аждодлар ва авлодлар тақдири, давр ва замон кечинмаларини мужассам этган залворли ўй ва фикрлар билан навбатдаги манзилга бориш учун эшиклари очиқ вагонларга кирар эканмиз, ўриндиқларга жойлашиб олганимиздан сўнг овознигорнинг янгроқ товуши эшитилди: “Эшиклар ёпилади. Илтимос, суянмангиз! Кейинги бекат...”
Шу аснода хаёл ва ҳаёт тўқнаш келганини ҳис этамиз. Шоирона ташбеҳлар хаёл осмонида қалдирғочлардай чарх ура бошлайди: Эшикларга суянманг, бир-бирингизга суянинг! Биз бугун якка-якка тартибда яшолмаймиз. Шахсий манфаат учун Ватанга суянманг! Ватанга таянч бўлинг! Ватанга суянч бўлинг! Худди бинолардай, йўллардай Ватанга хизмат қилинг! Ватан учун ер бўлинг, кўприк бўлинг! Ор бўлинг, номус бўлинг, ҳеч бўлмаганда севинч ёшлари учун киприк бўлинг!
Дунёнинг бу паллалари топилмайди,
Эшиклари тун-кун очиқ, ёпилмайди.
Меҳр кейин дўконларда сотилмайди,
Меҳрингизни қизғанманг бир-бирингиздан.
Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири