Тадбир доирасида журналистлар дастлаб Республика тез тиббий ёрдам марказининг Тошкент шаҳар филиали Call-маркази ҳамда Янгиҳаёт туманида жойлашган 13-сонли подстанция фаолияти билан яқиндан танишди. Шундан сўнг мазкур манзилда ОАВ вакиллари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда тез тиббий ёрдам тизимини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, соҳада ягона вертикал интеграциялашган бошқарув модели шакллантирилиб, бугунги кунда тизим 66 мингдан ортиқ ходим, қарийб 3 мингта тиббий бригада, 180 дан зиёд станция ва 1500 га яқин таянч пунктни қамраб олган.
Электрон бошқарув тизимлари жорий этилиши натижасида бригадаларнинг чақирувга етиб бориш вақти 25–30 дақиқадан 10–15 дақиқагача қисқаргани таъкидланди. Автотранспорт парки босқичма-босқич янгиланиб, ҳудудларга 1000 дона замонавий махсус автомашина етказиб берилган. Шунингдек, “103” хизматида илк бор электромобиллардан фойдаланиш йўлга қўйилгани соҳада экологик ва замонавий ёндашувлар кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Бундан ташқари, “103” хизмати фаолияти рақамлаштирилиб, DMED ягона платформаси билан интеграция қилингани, чақирувларни таҳлил қилиш имкониятлари кенгайгани ҳамда мурожаатлар бўйича кечикишлар ва шикоятлар сони сезиларли даражада камайгани қайд этилди.
Шунингдек, тез тиббий ёрдам бригадалари учун янги намунадаги махсус формалар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда. Жумладан, реанимация бригадалари учун қизил рангли, оддий бригадалар учун эса кўк рангли махсус кийимлар жорий этилган.
Марказда замонавий ўқитиш технологиялари ҳам тақдим этилди. Хусусан, 250 га яқин турли касаллик ҳолатларини сунъий равишда намоён эта оладиган симуляцион манекенлар жорий қилинган. Ушбу манекенлар компьютер тизимига уланган бўлиб, инсон организмига хос бўлган юрак уриши, қон босими ва нафас олиш каби кўрсаткичларни сунъий равишда акс эттиради. Бу эса шифокорларнинг амалий кўникмаларини реал шароитга яқин ҳолатда мустаҳкамлаш имконини беради.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, матбуот анжумани нафақат эришилган натижаларни намоён этди, балки тизимдаги айрим долзарб масалаларни очиқ муҳокама қилиш ва уларни бартараф этиш бўйича аниқ ёндашувларни белгилаш имконини ҳам берди.