Шу йилнинг кузида Ўзбекистоннинг 8 та ҳудудида жами 1 652 113 туп дарахт экилган бўлса, 2020 йилнинг баҳорида акция республикамизнинг 12 та ҳудудини қамраб олди. Турли соҳа ва ёш вакиллари – фаол фуқаролар, хайрли ишга ҳисса қўшишни истаганлар икки ҳафта давомида юртимиз бўйлаб 2 125 225 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экишди.

Шунингдек, акция доирасида «Юксалиш» УМҲ томонидан махсус ҳисоб рақами очилиб, унга атроф-муҳитни ҳимоя қилишга ўз ҳиссасини қўшиш истагида бўлган барча ташкилотлар, жамоалар, фуқаролар, хориждаги ватандошлар ва бошқалар пул ўтказиши мумкин бўлди. Тўпланган пул маблағлари декоратив ва мевали кўчатлар сотиб олишга йўналтирилди.

Эътиборлиси, «Бир миллион дарахт» акцияси ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга қаратилган бошқа ғоя ва ташаббусларга туртки бўляпти.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 31 августдаги қарори билан 2021 йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумларида Тошкент шаҳри ҳудудида «1 миллион дарахт» акциясини ўтказиш белгиланди. Пойтахт умумий майдонининг кўкаламзорлаштириш даражасини 2023 йилга бориб 30 фоизга етказиш кўзда тутилган.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Ўзбекистонда дарахтлар сонини оширишга қаратилган бу каби фаоллик ва ва яшил ташаббусларни, турли ташкилотларнинг юртимизда яшилликни кенгайтириш ва сақлаб қолиш, обод атроф-муҳитни шакллантириш борасидаги ҳиссаларини қўллаб-қувватлайди.

Яшилликни яратиш ва янгилаш – доимий жараён, бунда асосийси, ниҳолни экишда маҳаллий аҳоли ва ҳудуднинг хусусиятини, яъни суғориш, иқлими, тупроғини ҳисобга олишдир. Ҳаракат жамоаси ушбу масалаларда ўрмон хўжалиги мутахассисларини, эксперт-экологларни жалб қилишга, умуман бунга илмий ёндашишга чақиради, деб хабар беради «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.