Сессияда депутатлар Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази масъул ходими Шавкат Файзиевнинг "Биометрик маълумотларга асосланган юзни аниқлаш ва назорат қилиш тизимининг лойиҳа концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги ахборотини муҳокама қилди.

Мутасаддининг таъкидлашича, аҳоли саломатлиги ва жамоат тартибини сақлашда, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлашда ушбу тизимнинг аҳамияти катта. Шу боис, биометрик маълумотларга  асосланган юзни аниқлаш ва назорат қилишнинг комплекс тизими яратилмоқда.

Натижада жамиятда кўплаб муаммоларга ечим топилади. Илғор технологиялар асосида хавфсизлик таъминланади, ижтимоий объектлар, жамоат жойларида назорат ва тезкор ахборот тизими такомиллаштирилади, биометрик маълумотлар базасига асосланган назоратни кучайтириш механизми жорий этилади, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга эришилади.

Шунингдек, аҳоли саломатлигини таъминлаш, вирусли, юқумли касалликлар тарқалиши, жиноятчилик ва терроризм каби хавф-хатарлар олдини олиш йўналишидаги ишларга катта ёрдам бўлади.