2021 йил 16 август куни соат 14:00 да Тошкентдаги Халқаро шахмат академиясида турнирнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтади. Ушбу тадбирда юртимиз фахри, 17-жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов иштирок этиши режалаштирилган.
Георгий Агзамов хотирасига бағишланган анъанавий халқаро шахмат турнирида 12 та мамлакат, жумладан Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Афғонистон, Эрон, Фаластин, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Украина, Беларус ҳамда юртимиздан 150 нафарга яқин шахматчи ва ҳакамлар иштирок этади.
Мусобақада 1800 ва ундан юқори рейтингга эга шахматчилар асосий «А» гуруҳида ҳамда 1800 рейтингдан паст бўлган иштирокчилар «Б» гуруҳида ғолиблик учун дона суришади. Турнирнинг умумий соврин жамғармаси 25 000 АҚШ долларини ташкил этади.
Мусобақанинг бош ҳаками вазифасини халқаро тоифадаги ҳакам Ҳусан Турдиалиев бажаради. У ФИДEнинг Марказий Осиё минтақаси президенти саналади.
Ҳ.Турдиалиев шахмат бўйича саккиз марта жаҳон чемпионати, ФИДE Жаҳон чемпионати, рапид ва блитс бўйича жаҳон чемпионатида ҳакамлик қилган, ФИДE Гран-приси ҳаками, шунингдек, 2014 йилда Сочи шаҳрида бўлиб ўтган Карлсен – Ананд ўйини бош ҳаками.
Халқаро турнирда иштирокчилар халқаро гроссмейстер, халқаро тоифадаги спорт устаси ва ФИДE тоифасидаги спорт устаси унвонлари учун курашади.
Шахмат турнири ўйинларининг жонли эфирларини ушбу ҳавола орқали кўриш мумкин http://uzchess.uz
Маълумот ўрнида:
Георгий Агзамов – ўзбекистонлик шахматчи, 1984 йилда халқаро гроссмейстерлик талабини бажарган нафақат Ўзбекистон, балки Ўрта Осиёнинг биринчи гроссмейстеридир.
Ёшлигидан Георгий турли халқаро турнирларда муваффақиятли иштирок этган. Спортчимиз шахмат оламининг етук намоёндалари бўлмиш Тигран Петросян, Борис Спасский, Лев Полугаевский, Марк Тайманов, Виктор Купреичик, Михаил Тал ва бошқалар билан муносиб кураш олиб борган. Унга халқаро гроссмейстер унвони 1984 йилда Салоники шаҳрида ўтказилган ФИДE Конгрессида топширилган.
1986 йил 27 август… Георгий Агзамовнинг ҳаёти фожиали тарзда якун топди: собир Иттифоқ чемпионатининг ярим финалига келган 31 ёшли гроссмейстер Севастопол атрофида кечки сайрга чиқади ва қоқилиб кетиши натижасида дарага қулаб тушади ва вафот этади.