Мазкур маданий тадбир Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги томонидан ташкил этилди.
Тадбир доирасида ҳинд кино ижодкорлари томонидан яратилган ўнга яқин фильмлар намойиши режалаштирилган. Жумладан, "Dangal", "Dear Zindagi", "Tanvi The Great", "Kathal: A Jackfruit Mystery" ва "Tanu Weds Manu" каби машҳур фильмлар томошабинларга тақдим этилмоқда.
Тадбирнинг ўзига хос жиҳати шундаки, намойиш этилаётган фильмлар аёлларнинг жамиятдаги ўрни, уларнинг матонати ва кучини улуғлаш ғоясига бағишланган. Шу муносабат билан Ўзбекистондаги таниқли спортчи қизларга Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан совғалар топширилди.
Кинематография агентлиги директорининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси — ахборот хизмати рахбари Сайфулла Ражабов агентлик билан Ҳиндистон элчихонаси ўртасида навбатдаги тадбир ўтказилаётганлигини маьлум қилди.
— Ўтган йили ҳам айнан шу ерда — Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида “Ҳинд киноси кунлари”ни машҳур ижодкорлар ва актёрлар иштирокида ўтказган эдик. Бу йил ҳам анъанага мувофиқ, Ҳиндистон элчихонаси ва Кинематография агентлиги ташаббуси билан “Аёлларга эҳтиром” мавзусида навбатдаги Ҳинд кино кунлари ташкил этилди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад ёшларимизнинг кино санъатига бўлган қизиқишини янада оширишдир, — деди у.
Маълум қилинишича, тадбирни молиялаштириш ишлари Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан амалга оширилган. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги эса ташкилий ва техник масалаларни ўз зиммасига олган.
Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Смита Пант тадбир доирасидаги фильмлар мазмунига ҳам тўхталиб ўтди.
— Бугун биз Dangal фильмини намойиш этдик. У аёл курашчилари ҳақида бўлиб, гендер стереотипларига қарши курашиб, Ҳиндистон учун олтин медаль ютишга интиладиган қизлар ҳақида ҳикоя қилади. Бу жуда илҳомлантирувчи асар бўлиб, жамиятдаги муаммолар ва қийинчиликлар ҳақида очиқ мулоқот қилишга ундайди, — деди элчи.
Тадбир яна икки кун давом этади ва кино ихлосмандлари учун бир қатор фильмлар намойиши режалаштирилган.
Фильмлар намойиши дастури:
· 13 март, 14:30 – "Dangal" (спорт драмаси)
· 14 март, 11:00 – “Ҳаёт қадри” (драма)
· 14 март, 15:00 – "Tanvi The Great" (драма)
· 15 март, 11:00 – "Kathal: A Jackfruit Mystery" (сатирик комедия)
· 15 март, 15:00 – "Tanu Weds Manu" (романтик комедия)
Ташкилотчилар барча кино мухлисларини Ўзбекистон Миллий кино санъати саройига таклиф этиб, мазкур маданий тадбирда иштирок этишга чақирмоқда. Бу каби кино намойишлари нафақат томошабинларнинг маданий дунёқарашини бойитади, балки турли халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мадина Ботиржонова