Ушбу ҳолат юзасидан Санитария-эпидемиология қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси расмий муносабат билдирди.
Қўмита маълумотига кўра, ҳозирги кунда пойтахтда карантин эълон қилинишига асос бўладиган хавфли юқумли касалликлар бўйича эпидемиологик вазият барқарор ҳисобланади. Ижтимоий тармоқларда тилга олинаётган қизамиқ, менингит, гепатит, сил ва бошқа касалликлар бўйича ҳам карантин жорий этишни талаб қиладиган ҳолатлар мавжуд эмас.
Шу билан бирга, ҳар йили қиш мавсумида грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар билан касалланиш ҳолатлари мавсумий равишда ортиши қайд этилди. Шу сабабли таълим муассасаларида болалар саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида эрталабки фильтр (сарлаш) ишлари, тана ҳароратини ўлчаш, касаллик аломатлари кузатилган болаларни вақтинча ажратиш ҳамда ота-оналарга тегишли тавсиялар бериш каби профилактик чоралар амалга оширилмоқда.
Қўмита таъкидлашича, айнан шу фильтр жараёнлари айрим фуқаролар томонидан нотўғри талқин қилиниб, “карантин” сифатида қабул қилинмоқда.
Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси фуқароларни ижтимоий тармоқларда тарқалаётган тасдиқланмаган хабарларга ишонмасликка, фақат расмий манбалар орқали эълон қилинаётган ахборотларга таянишга чақирди.