«Lumiere Hotel&SPA» лойиҳасини амалга ошириш учун 10 миллион доллардан зиёд маблағ йўналтирилган, бунинг 6 миллионга яқини «Асакабанк» томонидан молиялаштирилган.

Меҳмонхона французча услубда қуриб жиҳозланган бўлиб, келгусида эса яна бир – инглизча услубдаги меҳмонхона қурилиши режалаштирилган. «Lumiere Hotel&SPA» меҳмонхонаси географик нуқтаи назардан қулай жойда, яъни Тошкент халқаро аэропортидан 10 дақиқалик масофада жойлашган. Меҳмонхона 61 номердан иборат бўлиб, бу ерда сайёҳлар учун барча зарур шароитлар яратилган. Ҳар бир хона замонавий ва қулай жиҳозлар, персонал бошқарувидаги кондиционер тизими, IP-телевидениега эга телевизор, ёзув столи, гардероб, мини-бар, дам олиш зонаси ва Wi-Fi билан жиҳозланган.

Янги меҳмонхона ҳудудида бир вақтнинг ўзида 114 кишини ўзида сиғдира олувчи «Lumiere» ресторани, «Lobby Lounge» бари, «Centris Fit&Spa» фитнес клуби, замонавий анжуманлар зали ҳамда музокаралар учун заллар мавжуд. «Lumiere Hotel&SPA» турли конференциялар, семинарлар ва конгрессларни ўтказиш учун ҳам жуда қулай.

Маълумот учун шуни таъкидлаш керакки, мамлакатимизда 2022 йилнинг 1 январига қадар фойдаланишга топширилган меҳмонхоналар учун субсидия олиш имкони мавжуд. Субсидия миқдори 3 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналарда ҳар бир хона учун - 40 миллион сўм, 4 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналарда ҳар бир хона учун 65 миллион сўмни ташкил қилади. Субсидия ажратилади, деб хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.