Давлат-хусусий шерикликнинг мажбурий шартларидан бири — ҳудуддаги мавжуд дарахтлар ва пиёдалар учун ажратилган майдонларни сақлаб қолишдир.

Автотураргоҳ мавжуд ландшафтга уйғун тарзда жойлаштирилади. Бунда ҳудуд ичидаги ва унинг периметри бўйлаб жойлашган дарахтлар сақлаб қолинади. Автотураргоҳ ташкил этиш учун дарахтларни кесиш кўзда тутилмаган. Аксинча, лойиҳа доирасида ҳудудни қўшимча кўкаламзорлаштириш, 1 000 тупдан ортиқ дарахт ва буталар экиш кўзда тутилган. Шунингдек, ушбу ҳудудда капитал қурилиш ишлари ҳам назарда тутилмаган.

Автотураргоҳ жойларидан ташқари, техник шартларда пиёдалар ва велосипед йўлаклари, дам олиш ҳудудлари, қўшимча кўкаламзорлаштириш, болалар ва воркаут майдончалари, енгил конструкциялардан иборат спорт объектлари, санитария хоналари, видеокузатув тизими, бўш автотураргоҳ жойлари ҳақида маълумот берувчи электрон таблолар ҳамда замонавий тўлов тизимини ташкил этиш кўзда тутилган. Лойиҳа доирасида, шунингдек, 720 метр узунликдаги янги пиёдалар йўлаги барпо этилади.

Ер участкасини электрон аукционга чиқариш режалаштирилмоқда. Объектдан 10 йил муддатга фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритадиган хусусий шерик белгиланган инвестиция мажбуриятларини бажариши, шунингдек, ҳудудни сақлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришни таъминлаши лозим бўлади.

Давлат-хусусий шериклик шартларига мувофиқ, автотураргоҳ хизматидан тушадиган маблағларнинг 20 фоизи шаҳар бюджетига йўналтирилади.

Бугунги кунда шаҳарнинг ушбу қисмида тартибли автотураргоҳ жойларининг етишмаслиги автомобилларнинг тартибсиз, жумладан, бир неча қатор бўлиб ҳамда пиёдалар учун мўлжалланган ҳудудларда тўхтаб туришига сабаб бўлмоқда. Яқин атрофдаги ташкилотлар ходимлари ҳам мазкур муаммога бир неча бор эътибор қаратган.

Лойиҳанинг мақсади шаҳар марказидаги автомобиллар сонини кўпайтириш эмас, балки мавжуд транспорт оқимини тартибга солиш ва жамоат ҳудудларини тартибсиз автотураргоҳлардан холи қилишдир.

Шу билан бирга, ҳудуд ўзининг жамоат учун мўлжалланган функциясини сақлаб қолади. Махсус ва тезкор хизмат транспорт воситаларининг ҳудудга кириши бепул бўлади.

Бундан ташқари, шартнома шартларига кўра, шаҳар ҳокимияти талаби билан автотураргоҳ ҳудуди байрамлар, фестиваллар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказиш учун тақдим этилиши лозим. Ҳудуддан бундай мақсадларда фойдаланишнинг умумий муддати йилига 60 кунгача бўлиши мумкин.

Лойиҳани амалга оширишда шаҳарнинг принципиал позицияси — Тошкент марказининг ушбу қисмидаги мавжуд транспорт юкламасини тартибга солиш билан бирга, яшил ҳудудлар ва пиёдалар маконини тўлиқ сақлаб қолишдир.

Автотураргоҳ инфратузилмаси мавжуд ландшафтга уйғун тарзда — пиёдалар, яшил ҳудудлар ва ушбу майдоннинг жамоат функциясига зарар етказмаган ҳолда ташкил этилиши лозим.