Қайд этилишича, суд муҳокамалари очиқ тарзда ўтмоқда ва ҳар бир жараёнда журналист ҳамда блогерлар иштирок этмоқда. Бу эса судда очиқлик ва шаффофлик таъминланаётганидан далолат беради. Медиа вакилларига ёзма қайдлар олиш, аудиоёзув қилиш ҳамда стенограмма юритиш учун чекловлар қўйилмаган.
Шу билан бирга, видеотасвирга олишга рухсат берилмаган. Бу қарор иш бўйича тарафларнинг розилиги мавжуд эмаслиги ҳамда суд жараёнига эҳтимолий ижтимоий босим ва бошқа таъсирларнинг олдини олиш мақсадида қабул қилинган.
Суд матбуот хизмати маълум қилишича, ҳозирга қадар журналист ва блогерлар томонидан судда иштирок этиш бўйича эътироз ёки шикоят келиб тушмаган. Бироқ айрим ахборот материалларида айбсизлик презумпцияси талабларига зид ҳолатлар кузатилмоқда.
Жумладан, ҳали ҳуқуқий баҳо берилмаган далилларни ошкор қилиш, тарафларни суҳбатга тортиш, жабрланувчининг розилигисиз шахсий маълумотларини очиқлаш, аудиоёзувларни эълон қилиш ҳолатлари учрамоқда.
Бу эса ахборотнинг холислигига шубҳа уйғотиши, шунингдек, якунига етмаган суд жараёни бўйича жамоатчиликда нотўғри хулосалар шаклланишига олиб келиши мумкин.
Шу муносабат билан Тошкент шаҳар суди оммавий ахборот воситалари ва блогерларни ортиқча тафсилотлардан тийилишга ҳамда айбсизлик презумпцияси тамойилига қатъий риоя этишга чақирди.