Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўтказилган текширувлар давомида аниқланишича, 1985 йилда туғилган аёл Юнусобод туманидаги яшаш хонадонида ўгай фарзанди — 2013 йилда туғилган қизга нисбатан бир неча бор жисмоний тазйиқ ўтказган.

Қайд этилишича, ушбу ҳолат бўйича жабрланувчи аввал ички ишлар органларига мурожаат қилмаган.

Ҳозирда вояга етмаган жабрланувчи Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилиб, давлат органлари ҳимоясига олинган.

Ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан гумонланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 110-моддаси — «Қийноқ» билан жиноят иши қўзғатилган.

Таъкидланишича, тергов ҳаракатлари ҳар томонлама олиб борилиб, иш юзасидан қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади. Мазкур жиноят иши Ички ишлар вазирлиги томонидан назоратга олинган.