Фарғона вилояти Қўштепа туманида яшовчи истеъмолчи С.Қурбоновнинг электрон шаклдаги мурожаати Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан ўрганилди, дея хабар бермоқда федерация ахборот хизмати.
Унда қайд этилишича, истеъмолчи “Grand” кредит дўконидан “Artel” ёрлиқли идиш-товоқ ювадиган машина сотиб олган, лекин ускунанинг сув иситиш механизми тез-тез ишламай қолган. Фуқаронинг мурожаатидан кейин компания сервис хизмати мутахассислари ушбу нуқсонни бартараф этиб берган. Бироқ маълум вақт ўтгач, ушбу муаммо яна қайталанган. Истеъмолчи федерациядан маҳсулотнинг мақбул сифатдагисига алмаштирилиши ёки пули қайтарилишида амалий ёрдам сўраган.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида маълум бўлишича, идиш ювиш машинаси 5 миллион 520 минг сўмга пулини бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олинган. Машинада ҳақиқатан ҳам истеъмолчи билдирган нуқсон мавжуд. Кафолат муддати доирасида бепул сервис хизмати кўрсатилган.
Ҳолатни ўрганиш натижасида нуқсонли товарнинг сифатлисига алмаштириб берилишига эришилди.