Айтиш жоизки, уйқусизлик организмда иммунитетнинг пасайишига олиб келади. Натижада инсон турли касалликларга чалинишга мойил бўлиб қолади. Қолаверса, тўйиб ухламаслик оқибатида одамнинг иш фаолияти пасайиши, диққатни жамлай олмаслик, хотиранинг сусайиши кузатилади. Шу билан бирга, кам ухлаган инсон юрак-қон томир касалликларига чалиниши, бош оғриғи, депрессия, стрессга берилиши мумкин.
Бу ҳақда ССВ матбуот хизматига маълумот берган тиббиёт фанлари доктори Дониёр АЛИМОВ кам уйлаш уйқу бузилишидан ҳам юзага келиши, бу эса бирон бир касалликнинг белгиси бўлиши мумкинлигини айтди. Шу сабаб энг аввал шифокор билан маслаҳатлашиш зарур.
Бундан ташқари, жисмоний фаоллик, хусусан, спорт билан мунтазам шуғулланиш уйқусизликдан халос бўлишда катта ёрдам беради. Бироқ бундай машғулотларни ухлаш олдидан бажармаслик мақсадга мувофиқ.
Шу билан бирга, куннинг иккинчи ярмида таркибида кофеин бўлган ҳар қандай маҳсулотни истеъмол қилиш, ухлашдан аввал эса қаҳва ёки аччиқ чой ичиш мутлақо мумкин эмас.
Бунинг ўрнига, ётишдан 5-10 дақиқа олдин тинчлантирувчи машқлар бажариш, сокин мусиқа тинглаш ва илиқ ванна қабул қилиш ухлашга ёрдам беради. Бироқ шифокор кўрсатмаси бўлмаса, зинҳор ухлатувчи дориларни қабул қилиш керак эмас.
Сабаби тажрибада уйқусизлик дардига дучор бўлганларнинг 70 фоизга яқини тиббий препаратлар қабул қилмасдан меъёрий уйқу ҳолатини тиклай олган. Энг муҳими, бир вақтда уйқуга ётиб, бир вақтда уйғонишга ҳаракат қилиш лозим.
Гўдаклар 18-19 соат; болалар 11-12 соат; катта ёшли инсонлар эса ўртача 7-8 соат ухлаши меъёр ҳисобланади, дея Дониёр Алимовнинг тавсияларини келтирмоқда Aniq. uz