Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини асраш ва санитария маданиятини юксалтириш давлат сиёсатининг ажралмас қисмига айланган. 2025 йил 6 май куни ҳукуматнинг “Соғлиқни сақлаш ва таълим ташкилотларида ичимлик сув ҳамда санитария-гигиена инфратузилмасини кенгайтиришга қаратилган “Тоза қўллар” дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра, “Тоза қўллар” дастури доирасида соғлиқни сақлаш ва таълим ташкилотлари санитария-гигиена воситалари билан етарли миқдорда таъминланади, ичимлик сув таъминоти ва санитария-гигиена объектлари (ҳожатхона) инфратузилмаси яхшиланиб, улар бинонинг ички қисмида жойлаштирилади, шунингдек, аҳоли, жумладан, болалар ўртасида шахсий гигиена одатларини шакллантириш ва унга риоя қилиш бўйича тарғибот ишлари амалга оширилади.
“Тоза қўллар” дастури нафақат бугунги кун, балки келажак авлодлар саломатлиги учун ҳам муҳим ташаббус бўлди. Хўш, бу дастурнинг туб моҳияти ҳамда унинг жамиятимиз саломатлиги йўлидаги нафи нималардан иборат? Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат ОТАБЕКОВ билан суҳбатимиз шу мавзуда бўлди.
— Май ойидан эътиборан кенг миқёсда амалга оширила бошлаган “Тоза қўллар” дастури жамоатчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Аввало, унинг асосий ғоялари, кўзланган мақсадлар ва жамиятимиз ҳаётидаги узоқ муддатли аҳамияти ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз.
— “Тоза қўллар” дастури шунчаки вақтинчалик тадбир эмас, балки Президентимизнинг жорий йил 30 январдаги фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”да амалга оширишга оид давлат дастурига киритилган ҳаётий муҳим йўналишдир. Унинг бош ғояси аҳоли, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлоднинг сифатли санитария-гигиена воситалари ва шароитларидан фойдаланиш имкониятини тубдан кенгайтиришдир. Бу орқали юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, жамиятда юқори санитария маданиятини шакллантириш ва пировардида халқимиз учун соғлом турмуш, хавфсиз меҳнат ва мазмунли дам олиш учун энг қулай шароитларни яратиш кўзда тутилган. Бу, ҳеч муболағасиз, миллат саломатлиги ва келажаги йўлидаги муҳим маънавий сармоялардан бири ҳисобланади.
— “Тоза қўллар” дастурининг “Ўзбекистон — 2030” стратегияси каби кенг миқёсдаги давлат ҳужжатига алоҳида йўналиш сифатида киритилишининг фундаментал сабаблари нимада деб ўйлайсиз?
— Бу қарор негизида аҳоли саломатлигини ҳар томонлама муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг энг устувор, дахлсиз ва доимий йўналиши экани ётибди. Тиббиётда аллақачон ўз исботини топган бир ҳақиқат бор — кўплаб жиддий юқумли касалликлар, минг афсуски, айнан тозаликка риоя этилмаган, ювилмаган қўллар орқали юқади. Президентимиз раислигида яқинда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам юқумли касалликларнинг 35-40 фоизи оддий гигиена қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида юзага келаётгани кўрсатиб ўтилди. Бу рақамларнинг ўзиёқ “Тоза қўллар” дастури нақадар ҳаётий, кечиктириб бўлмас ва ўта зарурий эканини яққол намоён этади. Шунинг ўзиданоқ бу шунчаки кундалик гигиена масаласи эмас, балки миллат генофондини асраб-авайлаш, жисмонан ва маънан соғлом авлодни вояга етказишдек улуғвор мақсадларга хизмат қиладиган, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига бевосита таъсир кўрсатадиган вазифа экани англашилади.
— Дастурнинг амалга оширилиши жараёнида ижтимоий соҳа объектлари, хусусан, таълим ва тиббиёт муассасаларига қандай аниқ, янгиланган талаблар қўйилмоқда ҳамда бу борада қай кўринишдаги амалий чора-тадбирлар комплекси кўзда тутилмоқда?
— Ҳар бир ижтимоий соҳа муассасасида — у хоҳ чекка қишлоқдаги мактаб, хоҳ пойтахтдаги боғча, замонавий шифохона ёки нуфузли олийгоҳ бўлсин — ҳар бир инсон учун муносиб, хавфсиз ва замонавий санитар-гигиеник шароитлар яратилиши шарт ва зарур. Бу борада барча мавжуд қўл ювиш жойлари сифатли, сертификатланган гигиена воситалари (суюқ совун, антисептиклар, бир марталик сочиқлар) билан узлуксиз ва етарли миқдорда таъминланади. Шароити нисбатан оғир бўлган 126 та мактабда эски, талабга жавоб бермайдиган ҳожатхоналар бино ичига ўтказилиб, барча қулайликларга эга янгилари қурилади ёки мавжудлари тубдан, замонавий лойиҳалар асосида таъмирланади. 6 мингдан зиёд мактабгача таълим муассасасида иссиқ сув узлуксиз таъминотини йўлга қўйиш мақсадида самарали гелиоколлекторлар, сув таъминотида муаммолари бўлган 4 мингдан зиёд ижтимоий муассасада эса етарли ҳажмдаги сув захира идишлари (баклар) ўрнатилади. Айни мақсадлар учун жорий йилдаёқ давлат бюджетидан 780 миллиард сўм ажратилмоқда. Бу эса ушбу масалага жиддий эътиборнинг яққол далилидир.
Бундан буён янги қурилаётган барча ижтимоий объектларда санитария-гигиена хоналари мажбурий тартибда бинонинг ички қисмида, халқаро стандартларга мос равишда лойиҳалаштирилади ва барпо этилади. Буларнинг барчаси пировардида халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашга ва ҳаёт сифатини оширишга хизмат қилади.
— Хизмат кўрсатувчи субъектлар, масалан, умумий овқатланиш шохобчалари, бозорлар ёки аҳоли гавжум бўладиган бошқа жамоат жойлари учун “Тоза қўллар” дастури қандай аниқ мажбуриятлар ва масъулиятларни юклайди?
— Аввало, барча ҳудудлардаги таълим муассасаларидаги санитария-гигиена шохобчалари тўлиқ хатловдан ўтказилади, санитария ва шаҳарсозлик нормалари ҳамда гигиеник қоидаларга мувофиқлиги баҳоланади. Ушбу хатлов махсус далолатнома асосида расмийлаштирилади ва натижаларга кўра, ҳар бир санитария-гигиена шохобчаси намунали, қониқарли ёки қониқарсиз деб баҳоланади. Баҳолаш натижасидан келиб чиқиб, қониқарсиз деб топилган санитария-гигиена шохобчаларини санитария талабларига тўлиқ мос ҳолатга келтириш чоралари белгиланади. Бу жараёнда таълим муассасалари учун мослаштирилган махсус гигиена дастури ишлаб чиқилади ҳамда унинг кундалик назорати кучайтирилади. Ушбу дастурнинг ўз вақтида тўлақонли амалга оширилиши учун мактабгача ва мактаб таълими ҳудудий бўлинмалари ҳамда таълим муассасалари раҳбарлари шахсан жавобгар экани белгиланади.
Шунингдек, барча турдаги жамоат санитария-гигиена шохобчалари ва умумий овқатланиш ташкилотларини санитария-гигиена воситалари билан таъминлаш бўйича мажбуриятлар жорий этилади.
— Бундай кенг кўламли харажатларни талаб этадиган ташаббусни молиялаштириш манбалари ҳақида ҳам аниқроқ тўхталиб ўтсангиз.
— “Тоза қўллар” дастурининг барқарор ва узлуксиз молиявий асоси, биринчи навбатда, давлат бюджетидир. Иқтисодиёт ва молия вазирлигига дастур доирасидаги тадбирлар учун, аниқланган зарурат ва асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ, йил давомида қўшимча маблағ ажратиб бориш вазифаси юклатилди. Бу шуни англатадики, дастур ижросида молиявий таъминотда узилишлар бўлишига йўл қўйилмайди. Энг муҳими, ажратилган маблағнинг аниқ мақсадга йўналтирилиши ва самарали ишлатилиши устидан энг қатъий давлат ва шаффоф жамоатчилик назорати ўрнатилади.
— Дастурнинг самарали ижросида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг тутган ўрни ва унга юклатилган асосий ваколат ҳамда мажбуриятлар нималардан иборат?
— Дастурни амалга татбиқ этишда қўмитага бир ой муддатда мазкур муассасаларда санитария-гигиена ҳолатини сақлаш учун маблағ ажратиш нормативларини қайта кўриб чиқиш ва уларнинг амалда бажарилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш топширилди.
Соғлиқни сақлаш, Иқтисодиёт ва молия, Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирликларига жорий йил 1 августга қадар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва БМТ экспертларини жалб қилган ҳолда барча ижтимоий соҳа муассасаларида, жумладан, умумий овқатланиш жойлари ва вилоятлараро автомобиль йўллари бўйидаги санитария-гигиена шохобчаларида санитария-гигиена тизимини яхшилаш дастурини ишлаб чиқиш ва ҳукуматга киритиш вазифаси қўйилди.
— “Тоза қўллар” ташаббусининг якуний муваффақиятида кенг жамоатчилик, яъни ҳар бир фуқаро, оила, маҳалла ва таълим даргоҳларининг фаол иштироки қанчалик муҳим ва бу борада айнан нималарга алоҳида эътибор қаратиш, қайси жиҳатларни кучайтириш лозим деб ҳисоблайсиз?
— Бу дастурнинг чинакам муваффақияти ҳар бир фуқаронинг жараёнга онгли, чин дилдан ва фаол иштирокига, “Бу менинг ҳам инсон сифатидаги масъулиятим” деган юксак дахлдорлик ҳиссига бевосита боғлиқдир. Ҳар бир инсон шахсий тозалиги нафақат ўзининг, балки бутун оиласи, фарзандлари ва атрофидагиларнинг саломатлиги учун нечоғлиқ муҳимлигини чуқур англаши, буни кундалик, ажралмас одатига айлантириши шарт.
Оилада ота-оналар фарзандларига ёшликдан бошлаб шахсий гигиена қоидаларини, айниқса, қўл ювиш маданиятини сабр-тоқат, қатъий ирода билан сингдириши керак. Таълим муассасаларида эса мураббийлар ва ўқитувчилар “Тоза қўллар” тамойилини, яъни овқатланишдан олдин, ҳожатхонадан сўнг, ташқаридан келганда ва бошқа барча зарур ҳолларда қўлни, албатта, совунлаб, оқар сувда камида 20-30 сония давомида ювиш ҳаётий зарурат ва маданият белгиси экани ўқувчилар онгига чуқур кириб боришини таъминлаши лозим. Бу фақатгина давлат идораларининг вазифаси эмас, балки бутун жамиятнинг, ҳар биримизнинг умумий ишимиз, виждоний бурчимиз бўлмоғи керак.
Тозалик ва саломатлик маданияти ҳар бир хонадондан, ҳар бир оиладан, ҳар бир инсоннинг ўзидан бошланади. Маҳалла фаоллари, нуронийлар, оммавий ахборот воситалари ҳам бу борада муносиб ҳиссаларини қўшиши керак. Шундай ҳамжиҳатликда, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилибгина биз соғлом, баркамол ва фаровон келажакни барпо эта оламиз.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Жонибек АЛИЖОНОВ суҳбатлашди.