Инсон учун саломатликдан олий неъмат йўқ. Жисман соғлом ва руҳан етук фуқаро ҳар қандай жамиятнинг бойлиги саналади. Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда инсон саломатлигини муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг устувор вазифасига айланди.

Бу борада қабул қилинган қатор меъёрий ҳужжатларда халқаро андозалар даражасидаги тиббий хизмат кўрсатиш тизимини барпо этиш, халқимизни янада соғломлаштириш, эл розилигига эришишдек улуғ мақсад ўз ифодасини топди. Бирламчи тиббиёт тизими, шошилинч тиббий ёрдам, хусусий сектор, дори-дармон таъминоти ҳамда ихтисослаштирилган тиббий хизмат борасида амалга оширилган ишлар фикримиз далилидир.

Тиббиётнинг энг мураккаб, ўта масъулиятли ва айни пайтда эҳтиёж ортиб бораётган йўналишларидан бири трансплантология, яъни инсон органлари ва тўқималари (ҳужайралари)ни трансплантация қилиш масаласи бугунги куннинг муҳокамали ва ўз ечимини кутаётган муаммоларидан биридир. Ўзбекистон Президентининг шу йил 4 октябрдаги “Хирургия хизматини трансформация қилиш, ҳудудларда жарроҳлик амалиётлари сифатини ошириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан хирургия хизматини янада такомиллаштириш, тизимнинг моддийтехник базасини мустаҳкамлаш, юртимизда юқори технологик жарроҳлик амалиётларини йўлга қўйиш, ташхис қўйиш ва даволаш бўйича мутахассислар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш каби қатор масалаларга ечим топилди.

— Беш йил олдин бу масала жуда ҳам мураккаб эди. Аниқроғи, Ўзбекистонда трансплантация мумкин бўлмаган, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош трансплантологи Пўлат Султонов. — Мутахассислар ҳам етишмасди. 2017 йилга қадар юртимизда жигар трансплантацияси умуман ўтказилмаган. 2017 йилдан бугунги кунга қадар В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургик маркази ҳамда Республика шошилинч тиббий марказида 10 та жигар трансплантацияси, 600 тадан ортиқ буйрак операциясини ўтказдик. Натижалар яхши.

Бундан ташқари, Республика шошилинч тиббий ёрдам марказида болаларга буйрак трансплантацияси йўлга қўйилган. 13-14 ёшгача бўлган беш нафар болада буйрак трансплантацияси ўтказилди. Улар орасида хорижлик болалар ҳам борлиги юртимизда жарроҳлик амалиёти сифатли ва юқори савияда ўтказилаётганидан далолат беради.

— Айни пайтда юртдошларимиз чет элга бориб операция қилдиришга муҳтож бўлмаётгани, трансплантация амалиёти ва ундан кейинги даволаш жараёни шу ернинг ўзида муваффақиятли ўтказилаётгани қувонарлидир, — дейди суҳбатдошимиз. — Эътиборга молик яна бир жиҳат шуки, трансплантация бўйича хорижлик фуқароларни ҳам қабул қилишимиз мумкин. Қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондан мурожаатлар бўляпти. Бу эса трансплантация имкониятларини янада кенгайтиришни тақозо этмоқда.

Шошилинч тиббий ёрдам марказида 25 ўринли янги трансплантация бўлими очилиш арафасида. Бу бўлимда нафақат буйрак, балки жигарни ҳам кўчириб ўтказишга тайёргарлик кўриляпти. Янги бўлимда йилига 300 та трансплантация операциясини бажариш мумкин бўлади. Бу тиббиётнинг шу йўналишига эҳтиёжи бор юртдошларимиз учун янада қулайлик яратади.

— Навоий вилоятининг Хатирчи туманидан келдим, — дейди жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган Фазлиддин Пирматов. — Шамоллаш натижасида буйрагим ишдан чиққан эди. Олти ой гемодиализ олдим. Биз чекка туманда турардик. Гемодиализ олиш учун ҳафтасига икки марта вилоят марказига боришим шарт эди. Бир кун яхши бўлардим, кейинги куни аҳволим яна оғирлашарди. Қон босимим ошиб кетарди. Буйрак алмаштириш яхши натижа беришини айтишди. Донор топа олмай анча қийналдим. Аммо оила аъзоларим қараб турмади. Ўғлим битта буйрагини берадиган бўлди. Республика ихтисослаштирилган хирургик марказида буйрак алмаштирилди. Операция яхши ўтди.

Шифокорлар жуда яхши қаради. Барча керакли шарт-шароит яратилган, доридармон давлат томонидан бепул берилди. Агар юртимизда шундай имконият бўлмаганда, чет элга бориб, жарроҳлик амалиётидан ўтишга қурбим етмасди.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Эътиборли жиҳати, аъзо кўчириб ўтказилган беморларнинг соғлиғида операциядан кейин тикланиш кузатилмоқда. Шифокорларнинг таъкидлашича, гемодиализ олиб юрган бемор билан транплантация амалиётини ўтказган бемор ҳолати солиштирилса, аъзо кўчириб ўтказилган беморнинг умри 17 йилгача узайиши мумкин.

Маълумотларга кўра, бугун Ўзбекистонда ўн минглаб беморнинг орган ва тўқималар трансплантациясига эҳтиёжи бор. Хусусан, буйрак трансплантациясига 3,5 минггача, жигар трансплантациясига 2 минггача, юрак трансплантациясига 700-1000 гача, ўпка трансплантациясига 500 гача бемор муҳтож. Навоий, Самарқанд, Хоразм, Қорақолпоғистон Республикаси, Наманган ва Сурхондарёда шундай операцияларни ўтказишга муваффақ бўлинди. Келгусида бундай амалиётлар Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт марказида ҳам ўтказилиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, келгусида бу каби мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш юртимизнинг турли ҳудудларида йўлга қўйилади. Бу эса аҳолининг овора бўлиб, хориждаги клиникаларга шифо истаб боришларига чек қўяди.

Буйрак трансплантациясига муҳтож беморлар амалиётгача ҳафтасига икки-уч марта гемодиализ муолажасини олиши керак. Бу беморнинг ҳолатини бироз қийинлаштиради. Ижтимоий ҳолатига, меҳнат фаолиятига, соғлиғига жиддий таъсир кўрсатади. Ўз навбатида, бу иқтисодий нуқтаи назардан олиб қараганда ҳам катта маблағ талаб қилади. Трансплантация амалиёти бажарилганидан кейин бу харажатларга ўз-ўзидан чек қўйилади. Беморнинг ижтимоий ҳолати, меҳнат фаолияти бирмунча тикланади ва жамиятга қайтиш имконияти кўпроқ бўлади.

— Буйрак касаллиги билан оғриган беморлар уч кунда бир шифохонага бориб, гемодиализ олади. Буйрак бажариши керак бўлган вазифани гемодиализ аппарати бажаради. Лекин унинг ўрнини тўлиқ боса олмайди, — дейди Пўлат Султонов. — Бемор чеккароқ ҳудудда яшаётган бўлса, қайсидир марказий шифохонага бориши керак. Агар трансплантация амалга оширилса, бундай қийинчиликка барҳам берилади. Операциядан кейин бемор ўзини яхши ҳис қилади, кайфияти жойига тушади. Жарроҳлик амалиётини ўтказган беморларнинг кўпи фарзандли ҳам бўлди. Гемодиализ эса, аёлларнинг фарзанд кўриш имкониятини камайтиради. Эркакларда ҳам жиддий асорат қолдиради. Кун ора 3-4 соат гемодиализ қабул қилган беморлар жуда қийналиб, чарчайди. Улар учун операцияни ўтказиш — бахт.

Афсуски, айрим тиббий муолажаларни ўтказиш, хусусан, трансплантология амалиёти масаласида юртдошларимиз ҳамон хориждаги шифохоналарга мурожаат этишга мажбур бўлмоқда. Хорижга кетаётганларнинг қаршисида, аввало, молиявий муаммо туради. Масалан, бундай амалиёт Ҳиндистонда 15-20 минг, Туркияда 25-30, Исроилда 100 минг, Германия ва бошқа Европа давлатларида 120-150 минг, АҚШда 200 минг АҚШ долларигача туради.

Борадиган мамлакатининг тилини билмаслиги, шифокор билан эркин мулоқотга кириша олмаслиги, операцияни ўтказиб, уйга қайтиб келганидан сўнг хорижий давлатдаги шифокорлар билан доимий мулоқотда бўлиб туриш шартлиги бемор ва унинг яқинларига анча ноқулайлик туғдиради. Консультацияга бориш, тўсатдан тоби қочиб қолса нима қилишини билмаслик беморни руҳий зўриқтиради. Хорижга шифо истаб борганлар орасида жарроҳлик амалиёти муваффақиятсиз кечгани туфайли вафот этган, уни қайта олиб келиш қариндошлари учун жуда катта муаммо бўлган ҳолатлар ҳам учрайди.

2017 йилдан буён 21 нафар шифокор трансплантация ривожланган, изчил йўлга қўйилган Россия, Туркия, Беларусь, Хитой ва бошқа давлатларда ўқиб, тажриба орттириб келди. Бу жараён давом эттирилади. Жойларда трансплантация имкониятлари кенгаяр экан, мутахассисларга талаб ортиши табиий. Соҳани чуқур ўрганиш мақсадида Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказида янги кафедра ташкил этилди. Шу йўналишда хорижда таҳсил олган ва малака оширган шифокорлар маҳаллий ҳамкасбларини ўқитиши дастури режалаштириляпти.

Иммуногенетик, патогистологик текширувларни ўтказиш учун ихтисослашган лабораторияларни ташкил қилиш ва уларни ускуналар билан таъминлаш зарурати мавжуд. Бу мураккаб лабораторияда бемор билан донор аъзоларининг мос келишини аниқлаш учун генетик анализлар қилинади. Бундай лаборатория Ўзбекистонда саноқли. Жойларда ташкил этиладиган янги транспантология бўлимларида мана шундай лабораторияларни очиш кўзда тутилмоқда. Унда беморларга барча шарт-шароит яратилади, тиббий текширувлар бепул амалга оширилади.

Ушбу лабораторияларда фаолият юритиши кўзда тутилаётган соҳа ходимларининг хориж давлатларида ўқитилиши ва малака ошириб қайтишига тайёргарлик кўрилмоқда. Замонавий билим, энг сўнгги русумдаги тиббий анжомлар келажакда операцияларнинг янада сифатли ўтказилиши ва юзага келиши мумкин бўлган асоратлар минимал даражага тушишига хизмат қилади.

Рисолат МАДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири