Трансёғлар — махсус усуллар ёрдамида ишлов берилган тўйинмаган ёғ кислотаси ҳисобланади. 

Чипсилар, ёғда қаттиқ қовурилган картошка, балиқ ва товуқ гўшти, майонез, пишириқлар, маргарин ва сариёғ каби маҳсулотлар трансёғларга бой бўлиб, уларни кўп истеъмол қилиш юрак-қон томир касалликларини келтириб чиқариши мумкин.

Улар танада зарарли холестерин миқдорини оширади. Яъни паст зичликдаги липопротеинлар қон томирлар деворида тиқин ҳосил қилиб, уларни торайтиради. Натижада организмда қон айланиши ва ҳаётий муҳим органларни қон билан таъминлаш бузилади.

Трансёғларни кўп истеъмол қилиш оқибатида инфаркт, инсульт ва ўпка артерияси тромбоэмболияси каби турли хавфли касалликлар келиб чиқади. Шунингдек, трансёғлар яллиғланиш жараёнларининг тезлашиши, иккинчи тоифа қандли диабет ва онкологик хасталикларнинг ривожланиш хавфини ҳам оширади.

Трансёғларнинг кундалик меъёри 2 минг калориялик таомномада 2,2 граммга тўғри келади. Бугунги кундаги баъзи озиқ-овқат маҳсулотларининг таркибидаги трансёғлар миқдори кундалик меъёрдан 200 бараварга кўпдир.

Жорий йил бошида ЖССТ ушбу турдаги ёғларни тақиқлаш ёки уни кунлик энергия миқдорининг 1 фоизигача камайтиришни тавсия қилган эди. Яъни, кунлик рационда 2000 калория бўлса, трансёғлар 2,2 граммга тўғри келиши лозим.

Шунингдек, ташкилот трансёғлар ер юзида яшовчи саккиз миллиарддан зиёд аҳолининг бешдан бир қисми саломатлигига жиддий хавф солаётгани ва йилига ярим миллион одамнинг юрак-қон томир касалликлари оқибатида ҳаётдан эрта кўз юмишига саноат йўли билан ишлаб чиқариладиган трансёғлар сабаб бўлаётгани ҳақида ҳам хабар берган эди.  

Интернет материаллари асосида тайёрланди