Бу оддий байрам санаси эмас, халқимизнинг асрлар давомида орзу қилган озодлиги, эркинлиги, миллий қадр-қиммати, давлатчилик шаъни ва буюк келажакка ишончи тантанасидир.

Мустақиллик — шунчаки сиёсий мақом эмас. У миллатнинг руҳи, халқнинг иродаси, юртнинг эркин нафаси, инсоннинг эртанги кунига ишончидир. Шу боис, мустақиллик ҳар бир хонадонга қувонч, ҳар бир қалбга ғу­рур, ҳар бир авлодга масъулият бағишлайди.

Айниқса, бугунги глобал таҳликали ва мураккаб шароитда мустақилликнинг қад­ри янада юксак англанмоқда. Чунки ҳозир жаҳоннинг турли минтақаларида геосиёсий қарама-қаршиликлар, мафкуравий зиддият­лар, иқтисодий инқирозлар, георесурслар учун курашлар, санкциялар уруши, ахборот ҳужумлари, қуролли тўқнашувлар ва қонли урушлар давом этмоқда. Айрим давлатларда тинч ҳаёт бузилган, одамлар қочқинга айлан­ган, шаҳарлар вайрон бўлган, болалар уруш садолари остида улғаймоқда.

Ана шундай бир даврда Президентимиз­нинг кучли иродаси, узоқни кўзлаб юритаёт­ган сиёсати, минтақани дўстлик ва ҳамжи­ҳатлик маконига айлантириш ташаббуси ва асосийси, “Ислоҳот ислоҳот учун эмас, авва­ло инсон учун” деган улуғвор ғояси асосида сўнгги 10 йилда амалга оширилаётган кенг кўламли амалий ислоҳотлар натижасида Ўз­бекистонда барқарор тинчлик, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва осойишта­лик ҳукм сурмоқда.

Бугун юртимизда одамлар уруш эмас, тўй ҳақида ўйлаяпти. Вайронагарчилик эмас, бунёдкорлик ҳақида фикрлаяпти. Қочқин­лик эмас, саёҳат ҳақида орзу қиляпти. Қурол эмас, китоб, илм, меҳнат ва тараққиёт ҳақида гапиряпти.

Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи руҳи аллақачон юртимизнинг барча ҳудудла­рида кенг ҳис этилмоқда. Ижодий учрашув­лар, маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари, концерт дастурлари, китоб­хонлик кечалари, саховат акциялари, халқ са­йиллари ва шукрона йиғинлари орқали мус­тақиллик байрамининг шодиёна кайфияти ҳар бир хонадонга кириб бормоқда.

Бу йилги байрам шодиёналари “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва ке­лажак яратамиз!” деган бош ғоя асосида нишонланмоқда. Бу шиор шунчаки сўзлар эмас. Бу Ўзбекистоннинг бугуни ва эртаси, халқимизнинг орзу-интилиши, давлати­мизнинг тараққиёт стратегияси ва миллий ғоясининг қисқа, лекин теран ифодасидир. Ушбу тўрт муқаддас тушунча — Ватан, халқ, янги ҳаёт ва келажак — мамлакати­миз ҳаётининг бутун мазмунини белги­лаб бермоқда. Шунингдек, “Ягона Ватан”, “ягона халқ”, “янги ҳаёт” ва “келажак яра­тамиз” каби тўрт жуфт сўз бирикмасида эса янги Ўзбекистоннинг эзгу мақсадлари, орзу-интилишлари мужассамлашган улкан фалсафа намоён бўлади.

Муқаддас замин олдидаги буюк мажбурият

Ватан инсон учун фақатгина туғилган ма­кон эмас, балки тақдир, қисмат ва маънавий таянчдир. Она қандай азиз бўлса, Ватан ҳам шундай азиздир. Чунки инсон тилини, дили­ни, қадриятини, орзу-умидини айнан шу за­минда топади.

Ўзбекистон истиқлол йилларида том маъ­нода мустақил давлат сифатида шакллан­ди. Ўз армияси, ўз Конституцияси, миллий валютаси, ташқи сиёсати ва ўз тараққиёт йўлига эга мамлакатга айланди. Айниқса, сўнгги 10 йилда ягона Ватан ғояси амалда янада кучайди. Ҳудудларни ривожлантириш дастурлари қабул қилинди. Йўллар, кўприк­лар, темир йўллар, аэропортлар қурилди ва реконструкция қилинди. Янги уй-жой массивлари барпо этилди. Бугун барча ҳу­дудларда тарихий мерос ва қадриятларимиз ҳамда замонавийликни уйғунлаштирган гў­зал қиёфага эга обод қишлоқ ва шаҳарларни кўрасиз.

Янги Тошкент шаҳри қурилиши келажак­ка ташланаётган улкан қадамдир. Замонавий шаҳарсозлик, яшил ҳудудлар, рақамли бош­қарув ва интеллектуал инфратузилма асосида барпо этилаётган бу шаҳар янги Ўзбекистон тимсолига айланмоқда.

Ягона Ватан дегани — Қорақалпоғистон­даги Орол муаммоси ҳамманинг муаммоси, Бухородаги кенг қўламли ютуқлар ҳамма­нинг ютуғи, Фарғона тараққиёти ҳамманинг қувончи, Сурхондарё ободлиги ҳамманинг бахти деганидир.

Бугун ҳар бир фуқаро Ватан учун меҳнат қилса, фарзандини яхши тарбияласа, қонунга риоя қилса, табиатни асраса, Ватанга хизмат қилган бўлади. Синдоровлар оиласи бу борада ёрқин мисол. Оила Жавоҳир Синдоровни ҳар томонлама етук фарзанд қилиб тарбиялади ва натижада у бутун дунёга Ўзбекистоннинг қан­чалик қудратли юрт эканини кўрсатди. Жаво­ҳир сингари минглаб ёшларимиз эришаётган оламшумул ютуқлар барча ватандошларимиз­ники. Демак, ҳар бир оила ўз фарзандини Ва­тан корига ярайдиган, фидойи ва доим “Ватан мен учун нима қилиб беради?” деб эмас, “Мен ватан учун нималар қиламан?” деб яшайдиган авлод сифатида тарбиялаш ягона Ватан ғояси­ни чуқур англашга хизмат қилади.

Халқимиз — улкан бойлигимиз

Ўзбекистоннинг ер ости бойликлари кўп, имкониятлари кенг. Аммо энг катта бойлиги­миз ягона, аҳил ва меҳнаткаш халқимиздир.

Сўнгги йилларда миллатлараро тотувлик­ни мустаҳкамлашга катта эътибор берилди. Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ҳамда 16 та диний конфессия ва­киллари аҳил ва иноқликда, бағрикенглик, умуминсоний тамойилларга хос ягона бир халқ бўлиб яшаб келмоқда. Уларнинг ўзли­гини англаши, миллий қадриятлари ва урф- одатларини сақлаши ва ривожлантириши учун 150 га яқин миллий маданий марказ фаолият кўрсатмоқда. Турли миллат вакилла­рининг тили, маданияти ва урф-одатларини асраш учун барча шароитлар яратилди.

Бугунги кунда юртимиздаги ва хориждаги ватандошларимизнинг ҳар томонлама ман­фаатларини қўллаб-қувватлаб келаётган Дўст­лик жамиятлари фаолияти ҳам кенгайтирилди. Давлатимиз раҳбари қайси мамлакатга борса, ўша ерда истиқомат қилаётган, ишлаётган ёки ўқиётган ватандошларимиз билан учрашади. Уларнинг фикри, таклифларини эшитади, қўл­лаб-қувватлайди. Ўз навбатида, улар ҳам ор­тида доим Ўзбекистон турганини ҳис қилади.

Президентимизнинг халқ билан мулоқот сиёсати эса жамиятда ишонч муҳитини яна­да кучайтирди. Халқ қабулхоналари, виртуал қабулхона, сайёр қабуллар орқали миллион­лаб мурожаатлар ҳал этилди. Илгари эшитил­маган овозлар бугун давлат эшигидан кириб бормоқда. Жамиятимизда камбағаллик тои­фасида турган оилаларни бу ботқоқликдан олиб чиқиш бўйича дунё эътирофига сазо­вор миллий модель яратилди. Биргина 2025  йил якуни бўйича 5 миллион аҳоли даромади оширилиб, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга камайди. 1,5 миллионга яқин аҳо­ли камбағалликдан чиқарилди.

Маҳалла тизимининг янги босқичга чиққа­ни халқ бирлигининг амалий ифодасидир. Жо­рий йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб номланиши ва давлат дастуридаги мисли кўрилмаган ус­тувор вазифалар юртдошларимиз ҳаёти фаро­вонлигига замин яратмоқда. Шу тариқа маҳал­лалар бугун тарбия маскани, муаммо ечими, саховат ва ҳамжиҳатлик марказига айланди.

Ислоҳотларнинг асосий мазмуни

Янги Ўзбекистон — янги фикрлаш, янги бошқарув, янги имкониятлар ва янги ҳаёт демак.

Сўнгги йиллардаги ислоҳотлар халқ ҳаё­тини тубдан ўзгартирди. Қайси ўзгаришлар дейсизми? Бир эсланг, пластик картангиздаги маблағни 20 фоиздан камига нақдлаштирган­мисиз ёки банкдан валюта сотиб ололган­мисиз? Уларни қўя туринг, маҳалла масъул­ларига муаммонгизни тушунтириб, уни ҳал қилганмисиз?

Аминманки, йўқ. Чунки у пайтлар ҳозир­ги шароит эртак эди.

Ҳозир-чи?! Бугун вазият тамоман бош­қача, барчаси сизу биз — “Инсон учун!”. Туман ёки вилоятни қўя туринг, республика даражасидаги раҳбарлар, ҳатто Президентга ҳам онлайн мурожаат йўллашингиз мум­кин. Бунинг учун барча шароит яратил­ган, бирор тўсиқ йўқ. Ўзингиз яшаб турган жой — маҳалланинг ички йўллари, ижти­моий соҳа объектлари сизнинг ташаббусин­гиз, танловингиз асосида қурилаётгани ҳам айни ҳақиқат. Давлат сизнинг муносиб яша­шингиз учун бор куч-ресурсларини ишга солаётгани, буни ҳуқуқий жиҳатдан кафо­латлаб, зиммасига катта масъулият олганига нима дейсиз?!

Ёки таълим йўналишини олайлик. Кейин­ги йилларда олий таълим билан қамров кес­кин ошди: 2016 йилда 9 фоиз бўлган, ҳозир эса 44 фоиз. Президент мактаблари, ижод мактаблари, техникумлар, касб-ҳунар мар­казлари очилди. Ёшлар учун грантлар кўпай­тирилди.

Тиббиётдаги янгиланишлар ҳам ғоят сал­моқли: янги клиникалар, замонавий диагнос­тика марказлари, қишлоқ врачлик пунктлари барпо этилди. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қи­лиш тизими такомиллаштирилди.

Ижтимоий ҳимоя реестри, “Темир даф­тар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” каби тизимлар орқали эҳтиёжманд оилалар­га ёрдам берилди. Миллионлаб инсонлар иш билан таъминланди, касб ўрганди, имтиёзли кредитлар олди.

Қишлоқларда ичимлик сув, электр, газ, йўл масалалари ҳал этилди. Янги уй-жойлар қурилди. Бугун халқимиз кечагидан яхши, эртага эса ундан ҳам яхши яшашга интилиб меҳнат қилмоқда.

Учинчи Ренессанс сари

Келажак кутилмайди, яратилади. Шунинг учун ҳам янги Ўзбекистон тараққиётининг асосий мақсади Учинчи Ренессанс пойдево­рини қуришдир.

Биринчи Ренессансда Хоразмий, Фарғо­ний, Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк алломалар, Иккинчи Ренессансда Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бо­бур каби даҳолар етишиб чиққан.

Энди навбат Учинчи Ренессансни барпо этишга келди. Бунинг асосий кучи билимли ёшлар, замонавий илм-фан ва юксак маъна­виятдир. Шу мақсадда мамлакатимизда AT парклар, инновация марказлари, технопарк­лар, стартап дастурлар, рақамли иқтисодиёт лойиҳалари ривожлантирилмоқда. Сунъий интеллект, “яшил” энергетика, логистика, биотехнология каби соҳаларда янги йўна­лишлар очилмоқда.

Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бу­хорий мажмуаси, Имом Термизий маркази, янги музей ва кутубхоналар қурилиши маъ­навий юксалишнинг муҳим белгисидир.

Ҳар бир устоз шогирди, ҳар бир тадбир­кор янги иш ўрни, ҳар бир олим кашфиёти билан келажак яратади. Ҳар бир ёш ўз били­ми билан бу жараёнга ҳисса қўшади.

Бу эзгу ғоя ва мақсадлар қаерда тинчлик ҳукм сурсагина амалга ошади. Бугун дунёда тинчликнинг қадри ошмоқда. Чунки уруш бор жойда тараққиёт, низо бор жойда фаро­вонлик бўлмайди. Адоват бор жойда бахт бўлмайди.

Шукр, Ўзбекистонда тинчлик, ривож­ланиш, тараққиёт барқарор. Бозорларимиз тўкин, одамлар ўқиш, касб ўрганиш, тадбир­корлик йўлида изланяпти, меҳнат қиляпти. Умуман олганда, булар мустақилликнинг энг катта самарасидир.

35 йил тарих учун жуда қисқа, халқ учун улкан даврдир. Шу йиллар ичида Ўзбекис­тон ўз йўлини топди, ўз сўзига эга бўлди, ўз келажагини белгилади. Айниқса, кейин­ги 10 йилда янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотлар мамлакатни барча йў­налишлар бўйича бутунлай янги босқичга олиб чиқди. Бугун халқимиз бирдам, ҳам­жиҳат, янгиланишларга, яратишга чанқоқ. Шу асосда юртимиз янада обод бўляпти, иқтисодиёт глобал беқарорликка қарамай, барқарор ўсмоқда, ёшларимиз пухта билим олмоқда ва асосийси, жамиятда жипслик, фаровонлик ошмоқда.

Ҳа, биз ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратяпмиз. Бу ишлар из­чил давом этади. Зеро, бош ғоядаги ягона Ва­тан — муқаддас уйимиз, ягона халқ — буюк кучимиз, янги ҳаёт — эзгу мақсадимиз, кела­жак яратишимиз — умумий бурчимиз.

Азизбек АМОНОВ,

социология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент,

Республика Маърифат тарғиботчилар жамияти аъзоси