Иброҳим 2003 йилда таваллуд топган. Ўрта мактабни тамомлаб, ҳозирда «Чорсу» деҳқон бозорида қуруқ мевалар савдоси билан шуғулланади. У бу галги 24 октябрь ҳаяжонли ва унутилмас сана сифатида ўтаётганини қайта-қайта таъкидлади.
— Сайловга таклифнома ташлаб кетишган кундан бери интиқлик билан кутдим. Сайловчилар рўйхатида исмимни кўриб, рости, бошқача қувондим. Негаки, энди сиёсий жараёнларда, давлат бошқарувидаги сўровларда фаол қатнашиш, қўллаб-қувватлаш имконига, шахсий фикримизга эгамиз. Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги паспортини олганимда ҳам ҳозиргидай кайфиятим зўр, хурсанд бўлганим ёдимда. Бугун ўз овозим муҳим аҳамиятга эга эканини дилдан ҳис этдим. Дастлаб менга овоз бериш тартиб-қоидаларини тушунтиришди. Кейин бахтли келажагимиз учун танловимни амалга оширдим, - дейди суҳбатдошимиз Иброҳим Камолов.
Қўшалоқ байрамни нишонлаган ёш тадбиркор халқ манфаатларини ҳар нарсадан устун қўядиган мамлакатимиз етакчисини сайлашда ишонч билан қарор қабул қилди, хоҳиш-иродасини эркин билдирди.
Орифжон ЖЎРАЕВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбири.