Асли, Гулистон туманининг Юлдуз маҳалласида истиқомат қилиб келаётган 28 яшар Салоҳиддин Маҳмудов 2011 йилдан буён сурункали пиелонефрит асорати, сурункали буйрак етишмовчилиги дардидан қийналиб, икки йилдан бери Гулистон тиббиёт кластерининг Нефрология ва гемодиализ бўлимида даво муолажаларини олиб келарди. Аммо, аҳвол мақтайдиган даражада бўлмаганлиги сабаб 2022 йил декабрь ойида В. Воҳидов номли республика ихтисослаштирилган хирургия илмий амалий марказ мутахассисларига мурожаат қилганди.
Ташхис аниқ, даво чоралари ҳам. Аммо, донор масаласи муаммодай кўринганди. Бу масала ҳам ижобий ечим топди. Унга акаси Ойбек Маҳмудов уз буйрагини берадиган бўлди.
Ушбу амалиётни В. Воҳидов номли республика ихтисослаштирилган хирургия илмий амалий маркази бош мутахассиси Зоҳид Маткаримов раҳбарлигида ушбу марказ ва маҳаллий мутахассислардан иборат бригада ўтказди.
— Оқолтинда ўтказилган буйрак трансплантация амалиёти, туман тарихида биринчиси бўлса, вилоятда учинчиси ҳисобланади, — дейди Гулистон тиббиёт кластери хирург-трансплантологи Шерзод Тошмаматов. — Бундан бир муддат аввал Гулистон тиббиёт кластерида самарқандлик ва сирдарёлик фуқароларда шу турдаги амалиётни ўтказгандик. Жорий йилда эса, буйрак трансплантацияси билан боғлиқ 25 та шу турдаги амалиётни Сирдарё вилоятида ўтказишни режалаштириб турибмиз.
Оқолтинда буйрак трансплантация билан боғлиқ, мураккаб ва юқори технологик жарроҳлик амалиётини ўз бошидан ўтказган, ака-ука Салоҳиддин ва Ойбекжонларнинг саломатлиги яхши. Улар шифокорлар назоратида.
— Ота-она учун, бунданда ортиқ бахт борми, — бемор ака-укалар отаси, Содиқ Маҳмудов. — Бу кунларни узоқ кутдик. Икки ўғлимни бир нафардан фарзанди бор. Мен ва турмуш ўртоғим қувонгани каби улар ҳам қувониб ўтирибди. Қолаверса, харажатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилгани, қийналган ва оғир аҳволда турган ота-она учун кутилмаган туҳфа бўлди.
Ғулом Примов,
Сирдарё вилоят
Соғлиқни сақлаш бошқармаси
матбуот котиби.