Бу заминда пишиб етилган ширин ва ҳуштам мевалар,сабзовот маҳсулотлари, тарвуз-қовун,ҳандалак каби полиз неъматлари нафақат юртимиз бозорлари балки хорижий ўлкаларнинг бозор растлари, супермаркетларида ҳаридоргир. Бежизга бу ўлкан “Олтин водий”га қиёслашмаган. Тупроғи олтин суви зар, ўзи гавҳар юрт сифатида эътироф этилади.
Фарғонанинг гавҳар ерлари Қува ҳақида эшитмаган одам бўлмаса керак. Гул диёрнинг глчечаги саналган туманда гулчилик, кўчатчилик, боғдорчилик жуда ривожланган. Баҳор, куз, ёзнинг охирларида қува йўллари гул кўчатлари, мевали ва манзарали дарахт кўчатларига тўлиб кетади. Қувага кетаверишдаги марказий йўлнинг икки томонидан ана шундай гўзал дарахт кўчатлари сотаётган ҳушмуомала, меҳнаткаш, соддадил боғбонлар қилган меҳнатлари маҳсулини ҳамюртларимизга илинишади. Бу ердаги кўчатлар қишнинг совуқларига, жазирама ёзнинг иссиқларига мослаштирилган кўчатлар. Агар меҳр ва парвариш берилса бу гуллар, дарахтлар доимий яшнаб, гўзаллик ва хушбўй ифор таратиб туради.
Асли она зами саҳовати ила хақимиз дастурхонлари тўкин. Эл ризқига барака, файз, фаровонликнинг кириб келиши ерга берилган меҳру-эътибор туфайлидир. Бежизга доно халқимиз “Ер хазина”, “Ерни боқсанг сени боқади”, деб айтмаган. Қуваликлар ҳам бугун чин ҳалол меҳнат ила тупроқ билан тиллашиб, кўчаб экиб, боғ яратиш йўлида эзгу сайъ-ҳаракатларни амалга ошириб келишмоқда.
Қувада бугун нафақат анор, олма, беҳи, гилос, ўрик мевалари балки лимон, банан, мандарин, апелсин, ҳаттоки киви ҳам етиштирилмоқда. Табиий тупроқдан куч олиб, безарар, ширин шарбатга тўйинтирилган бу мевалар дармондориларга бой. Мазаси ҳам ҳуштам, кайфиятни кўтаради.Дилларга қувонч бағишлайди. Шунингдек эгасига мўл-кўл даромад келтиради. Хосилдор саналади. Ҳусусан туманнинг Толмозор қишлоғида яшовчи Шералиака Мамажонов ҳам 10 сотихли хонадонижа иссиқхона ташкил этиб, ана шундай ширин, цитрусли меваларни етиштирмоқда. Шералиакани иссиқхонасида лимон, апелсин, мандарин ҳатто кивини ҳам учратасиз.Боғбон ушбу дарахт кўчатларини ҳам етиштириб туман аҳлига етказиб бермоқда. –Бугун бу кўчатларимизга талаб ва эҳтиёж ортмоқда,-дейди миришкор.Озгина эътибор ва меҳнат дарахт кўчатларимизни ривожланиши ва мева солишига йўл очади. Дархт кўчатлари тагига эса мавсумга қараб помидиор, бодиринг, булғор қалампири, зиравор кўкатлар экамиз. Рўзғоримиз шулар билан обод бўляпти. Меҳнат қилсанг барака топасан, деб бежизга айтишмаган экан оталаримиз.-Мана ҳалол меҳнат ортидан ҳеч кимдан кам бўлмай фарвон турмуш кечираяпмиз.Ўғилларим доим ёнимда қўшқанот. Шу кунларга етиб келганимизга шукур,-дея табассум қилади Шералиака.
Фарғонада кейинги йилларда кластер усулида фаолият кўрсатаётган боғдорчилик ҳўжаликлари сони тобора ортмоқда. Қува туманининг Турк Роввот дашт ҳудудидаги кластер йўналишида фаолият кўсатаётган FRUTS brend МЧЖ боғдорчилик хўжалигида айни мевали ва манзарали дарахт кўчатлари етиштирилади. Ушбу хўжалик туманда ягона кластер йўналишига мўлжалланган бўлиб ҳудуд ерларни 41 гектарни ташкил этади. Бу ерда кўчатчилик кенг ривожлантирилмоқда. Хусусан, олма, нок, слива, беҳи, ўрик, бодом, каби яна кўплаб мевали кўчат турлари жами 200 минг туп кўчат заҳираси яратилган Ушбу кўчатлар ҳўжалик ерларида етиштирилиб, аҳолига етказиб берилмоқда.
-Кўчатларимизни нафақат туманимиз аҳолиси, балки бошқа вилоятлардан ҳам келиб олиб кетишмоқда. Айниқса, юртимиз бўйлаб ўтказилган “Яшил макон”умумиллий лойиҳаси доирасида кўплаб фуқаролар, корхона ва ташкилотларни дарахт кўчатлари билан таъмнладик,-дейди хўжалик раҳбари Ғайратжон Мамадалиев.-Экопартия Қува туман Кенгаши доимий ҳамкоримиз, мурожаатларимиз, муаммоларимизни бартараф этишда яқиндан ёрдам беришади. Мана яқинда ушбу сайъ-ҳаракатлар туфайли хўжалигимизга томчилатиб суғориш тизимини ўрнатган эдик. Бу бизга бир қанча қулайликларни яратди. Жуда қисқа соатларда, сувларни исрофгарчилигисиз экинларимиз ва кўчатларимизни суғориб оляпмиз. Ушбу суғориш орқали экилган ўсимлик ва кўчатнинг таг илдизигача тув тўйиниб боради ва баравж ривожланишига йўл очади. Барча боғбонларга томчилатиб суғориш тизимига ўтишларини тавсия қилардим ,-дейди миришкор.
Туманнинг Толмозорида яшовчи кўпчилик аҳоли асосан кўчатчилик ортидан рўзғорини тебратади. Даромадли иш бўлган кўчатчилик ортидан бу ерликлар фаровон турмуш кечиряпти. Рўзғорига қут-барака кирмоқда. Қилинган меҳнатлар эвазига эришилган даромадга уй жой соляпти, машина оляпти. Дастурхонлари тўкин, бировдан кам бўлмай бахтли ва ҳотиржам умр кечирмоқда. Асосийси ҳаётдан рози. Толмозорлик Ахроржон Юнусов ҳам 5 гектар ер майдонида 80 хилдаги дарахт кўчатларини етиштирмоқда. Ахроржоннинг бугунги кундаги кўчат заҳриаси 40 минг тупни ташкил этади.
-Деҳқончилик йигит кишига муносиб касб Ҳалол меҳнат ортидан яхши ҳаёт кечираяпмиз. Кўчатларимиз хонадонлар, мактаблар, болалар боғчалари, маҳаллалар, кўчалар, қишлоғу-шаҳарларга файз, гўзаллик баҳшида этаётганидан ҳурсандман,-дейди Ахроржон Юнусов.
Аёл қўлини бежизга гулга қиёслашмайди. Аёл нозик хилқат. Аммо тоза ва беғубор, гўзаликка ошуфта қалби ила бир ажиб мафтункорликни яратади. Аёлнинг қўли теккан ниҳол яшнайди, чечак отади. Унинг қадами етган ер саришта ва файзга тўлади. Қуванинг Янги чек маҳалласида яшовчи Барноопа Ашурова ҳам ана шундай қўли гул, латофатли аёллардан бири. Опа гулчилик билан шуғулланади. Опанинг яшаш хонадони бамисоли экобоғ. Уйида 100дан ортиқ гул тури жами 3000 минг туп гул кўчатлари парваришланмоқда. Бу хонадонга бир кирсангиз чиқиб кетгингиз келмайди. Муаттар гулларнинг ҳушбўй ифорлари димоққа ширингина урилади. Бу ердаги гўзаллик, мафтункорлик дилларни мафтун айлайди. Бу чирой, яшил оламга боқиб тўймайди киши. Барно опа билан гул парвариши бўйича мириқиб суҳбатлашар эканмиз, ўсимлик ва гул парваришида эътибор қаратадиган жиҳатлар ҳақида обдон тушунтирди.
-Гул ҳам сўзлайди. Сизга таассум қилади. Уларнинг ҳам жони бор. Эътибор берсангиз ўз тилида шифирлайди. Гулларга меҳру-эътибор паравариш керак. Уларни вақтида ўғтини, дорисини солиш, вақти-вақти билан суғориш керак. Ҳупроқ юмшоқлигига ҳам аҳамият кўрсатиш керак. Қатқалоқ бўлиб қолмаслиги зарур. Шундагина экилган гуллар ва ўсимликлар баравж ривожланади. Гуллар билан суҳбатлашиш, эътибор кўсатиш керак. Инсон меҳнат қилсагина натижага эришади,-дейди моҳир гулчи Барно Ашурова.
Дарҳақиқат, табиатга ошнолик, атроф-олам,экологияга кўрсатилган эътибор кишиларни доимо эзгуликка, фаровонликка, меҳр-муҳаббатга чорлайди. Буни бугунги мақоламиз қаҳрамонлари мисолида ҳам яққол кўрдик. Кўчатчилик, дарахт экиш ортидан эришилаётган юқори натижа, хайру барака уларнинг умрига то абад мазмун ва саодат бағишлайверади.
Фотима ЎКТАМОВА,
Ўзбекистон Экологик партияси
Фарғона вилоят Кенгаши
матбуот котиби.