Мен туғилиб ўсган ва айни пайтда педагоглик фаолиятимни олиб бораётган Қўрғонтепа тумани ҳам Хонобод шаҳрига туташ бўлиб, вилоятнинг чекка, чегарадош ҳудудларидан бўлса-да, ёшларининг илм-маърифатга чанқоқлиги, аҳолисининг меҳнаткашлигию меҳмондўстлиги билан ўз ўрнига эга.

Инглиз тили ўқитувчиси бўлганим учунми, мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини ошириш, юртимизга туристларни кенг жалб қилиш борасидаги ишларга чин дилдан ҳайрихоҳман. Бу борада ўзим ишлаётган мактаб, яшаётган қишлоғимда ҳам тарғибот ишларига оз бўлса-да ҳисса қўшишни ҳам фарзандлик, ҳам педагоглик бурчим ҳисоблайман. Шу маънода ҳам карантин даврида ўқувчиларимга онлайн дарслардан ташқари зиёратгоҳларимиз, диққатга сазовор жойларимиз билан боғлиқ видеороликлар тайёрлаб, уларда юртга, ватанга бўлган муҳаббатни янада оширишга ҳаракат қилдим.

Мен яшаётган Норбўта қишлоғи баланд адирликларга туташган. Адирликнинг энг чўққисида Юнус алайҳиссалом пайғамбаримизнинг зиёратгоҳига ҳатто чет элликлар ҳам ташриф буюриб туришади. Болалагимдан бу ерга келувчилар билан қизиқар эдим. Баъзан таниқли санъаткорлар ҳам келиб туришар эди. Уларнинг келганларини эшитиш ғурур бахш этарди бизга.

Ривоятларга кўра, Юнус алайҳиссалом шу адирликда тарки дунё қилган эканлар. Шу боисдан адирнинг энг чўққисига рамзий қабр ўрнатилиб, махсус уйча билан ўраб қўйилган. Зиёратчилар мана шу қабрни тавоф қилиб, Қуръон тиловат қилишади. Яхши мақсадлар, эзгу ниятлар учун бу ерда қурбонликлар ҳам қилинади.

Туманимиздаги кўплаб мактаб ўқувчилари ҳам ҳар йил таътил вақтида бу ерни зиёрат қилгани келишади. Бу йил пандемия туфайли бундай ташрифлар бўлмагани сабабли туристик мавзуларда ўзбек ва инглиз тилларида видеоролик тайёрлаб, бу муқаддас жой ҳақида ўқувчи ёшларга тўлиқроқ маълумотлар тайёрладим. Андижонимизнинг сўлим гўша экани, гўзал манзаралари ҳақидаги видеороликларимда эса ёш авлодга ғурур бағишлайдиган лавҳаларни, айниқса, тарихий шахслар сиймоларини  жойлаштиришга алоҳида эътибор бердим. Муҳими, карантин шароитида ўқувчилар руҳини кўтариш, мамлакатимизнинг қудрати, салоҳияти юксак эканини англатиш мақсади бирламчи бўлди. Ва бу меҳнатларим самараси ўлароқ, ўз назаримда туризмга қўшаётган заррача ҳиссам туман ва вилоятда эътироф этилди.

Айтмоқчиманки, ватанни юракдан севган инсон қайси соҳада бўлмасин, ўзи билмаган ҳолда бошқа соҳалар ривожига ҳам хизмат қила олади. Бунинг учун фақатгина юртни севиш, унинг борига севиниб, йўғига сабр қилиш керак.  Бундай фазилатларни ёшликдан шакллантиришда эса биз педагогларнинг масъулиятимиз бугун ҳар қачонгидан-да юксакдир. Зеро, илму маърифат орқали қалбга кўп эзгуликларни жо қилиш мумкин.

Мавлуда СОҲИПОВА,

Андижон вилояти, Қўрғонтепа туманидаги

27-умумтаълим мактабининг инглиз тили ўқитувчиси