Видеомулоқотда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Режалаштириш ва инсон ресурсларини ривожлантириш департаменти бошлиғи Шуҳрат Исақулов ҳамда Туризм соҳасида кадрларни тайёрлаш ва илм-фан ривожланишига кўмаклашиш бошқармаси бошлиғи Алишер Эштаев сўзга чиқди.
Қўмита вакиллари бугунги кунда Республикамизда туризм соҳасида кадрлар тайёрловчи 25 та олий таълим муассасасида 187 нафар профессор-ўқитувчи фаолият олиб бораётгани, бироқ назария ва амалиёт ўртасида узилишлар мавжудлиги, яъни соҳа бўйича олиб борилаётган илмий ишлар ва инновацион лойиҳаларни амалиётга жорий этиш, туризм соҳасини инновацион ривожлантиришда илм-фан ҳамда инновация ютуқларидан фойдаланиш самарадорлигининг пастлиги таъкидланди.
Мулоқот давомида назария ва амалиёт ўртасида интеграцион алоқаларни йўлга қўйиш, туризм соҳасида инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, туризм соҳаси бўйича фан ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш, таълим муассасаларини халқаро грантларда, илмий стажировкаларда иштирок этиши, илмий лаборатория ускуналарини харид қилиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, видеомулоқот иштирокчиларининг туризм соҳасида илм-фан ва инновацион лойиҳаларда олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчиларининг иштирокини таъминлаш бўйича қизиқтирган саволларига мутасаддилар томонидан жавоб берилди.
Видеомулоқот якунига кўра, тадбир иштирокчилари томонидан соҳага доир энг долзарб мавзулар бўйича ҳамкорликда фаолият олиб бориш, назария ва амалиёт интеграциясини фаол йўлга қўйишга келишиб олинди.