Аммо, бу соҳаларни бугунги кун талаб ва таклифлари даражасида янада ривожлантириш борасида бир қатор камчиликлар кўзга ташланяпти. Жумладан, рақамлаштириш, давлат-хусусий шериклик, хусусий секторнинг ушбу йўналишлардаги ролини ошириш, замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш, илғор хорижий тажрибага таяниб, ушбу йўналишлардаги инфратузилмани янада ривожлантириш, объектлардан самарали фойдаланиш бўйича ўз ечимини топмаган масалалар мавжуд.
Президентимизнинг куни кеча қабул қилинган “Туризм, спорт ва маданий мерос соҳаларида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони айнан юқорида қайд этилган масалаларни ҳал қилишда муҳим омил бўлади.
Фармон билан туризм, жисмоний тарбия ва спорт, маданий мероснинг давлат бошқаруви ягона вазирлик тасарруфида бирлаштирилади. Вазирлик ҳузурида Маданий мерос агентлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари ташкил этилади. Шунга кўра, Маданият вазирлиги тизимидаги давлат музейлари, музей қўриқхоналар ва уй музейлари, моддий-маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ва “Мозийдан садо” журнали мазкур Агентликка ўтказилди.
Бош прокуратура ташкилий-штат тузилмасида маданий мерос соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат қилиш бўйича тегишли бўлим ташкил этилади. Иккита олий таълим муассасасида эса маданий мерос объектларини асраш факультети очилади. Маданият вазирлигининг моддий-маданий мерос соҳасидаги ЮНЕСКО билан ишлаш ҳамда музейлар ва кутубхоналарни ривожлантириш билан боғлиқ вазифа ва функциялари тегишлилигича Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Маданий мерос агентлигига ўтказилди.
Туризмни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш, моддий маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, оқилона фойдаланиш ва уларни ЮНЕСКО маданий мероси рўйхатига киритиш биз, депуталарнинг ҳам энг устувор вазифамиз ҳисобланади. Шу маънода, ушбу фармон бу борадаги мақсадлар ва режаларни рўёбга чиқаришда дастуруламал бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.
Аҳмаджон ҒАНИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати