Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда спортни ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2021 йилда 70 та жисмоний тарбия ва спорт муассасаси, 16 мингта боғча ва мактабларни спорт жиҳозлари билан таъминлашга 100 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилди. Шунингдек, барча туман марказлари ва шаҳарларда махсус пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этиляпти. Аҳолини оммавий спорт турларига кенг жалб этиш орқали 2021 йил давомида қамров 19 фоиздан 25 фоизга етказилиши белгилаб олинди.
Бугунги кунда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг Нукус филиалида 11 748 нафар (5851 нафар кундузги, 4283 нафар сиртқи, 1228 нафар махсус сиртқи, 386 нафар магистр) талабалар таълим оляпти. Спорт соҳасида олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш жараёнини оптималлаштириш мақсадида 2020 йилдан бошлаб олий таълим муассасаларининг «Спорт фаолияти» (фаолият турлари бўйича) бакалавриат таълим йўналиши бўйича ўқиш муддати 3 йил бўлган таълим дастурлари доирасида кадрлар тайёрлашни амалга ошириш тизими йўлга қўйилди.
Шунингдек, 2020-2021 ўқув йилида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида 1 807 нафар талаба ўқишни тамомлади. Улардан 785 нафари бакалавриатнинг кундузги, 432 нафари сиртқи ҳамда 590 нафари махсус сиртқи таълим шаклини, шунингдек, 128 нафар магистрлар ўз мутахассислиги бўйича ўқишни тамомлади. Университет битирувчиларини спорт бўйича мутахассисларга талаб бўлган буюртмачилар билан ўзаро ҳамкорлик қилган ҳолда ишга жойлаштириш масаласи кўриб чиқиляпти.
Тадбирда қайд этилганидек, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида юқори малакали, халқаро миқёсда рақобатбардош кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш мақсадида Президентимизнинг 2019 йил 8 майдаги қарорига мувофиқ Самарқанд шаҳрида «Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети» федерал давлат бюджети олий таълим муассасасининг филиали ташкил этилди. Ушбу даргоҳда 206 нафар талаба таълим оляпти.
Шу билан бирга, хорижий илғор тажрибага эга бўлган олий таълим муассасалари билан яқиндан алоқа ўрнатиш, хорижий мутахассисларни жалб этиш мақсадида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Беларус давлат жисмоний тарбия университети билан ҳамкорликда қўшма жисмоний тарбия, спорт ва туризм факультети ҳамда 2020-2021 ўқув йилидан П.Ф.Лесграфт номидаги Санкт-Петербург миллий давлат жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик университети билан ҳамкорликда қўшма жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик факультетлари ташкил этилди.
Йиғилишда Давлат дастурида белгиланган устувор вазифалар ижроси, хусусан, тизимда малакали кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, илмий педагогик кадрлар тайёрлаш йўналишларида бугунги кунда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётган бўлсада, мазкур масалалар вазирлик ахборотида ўз аксини топмагани жиддий эътирозларга сабаб бўлди.
Шу боис, қўмита Туризм ва спорт вазирлигининг «Спорт бўйича малакали тренерлар, ҳакамлар ва бошқа мутахассисларни, шу жумладан профессор-ўқитувчиларни тайёрлаш ва малакасини оширишнинг долзарб масалалари тўғрисида»ги ахборотини қониқарсиз деб топиб, чуқур таҳлилларга асосланган маълумотлар тақдим этишга ҳамда вазирликни келгусида мазкур масала юзасидан қайта ахборот беришга чақирди.
Тадбир сўнгида билдирилган таклифлар асосида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.