Дунё миқёсида йил воқеаси, йилнинг энг йирик ва нуфузли сиёсий тадбири дея эътироф этилаётган Самарқанд саммитида 15 давлат раҳбари қатнашиши кутилмоқда. ШҲТга аъзо мамлакатлар раҳбарлари сўнгги уч йилда илк бор бир жойга тўпланади. Бу воқеликка Самарқанд мезбонлик қилади.
Шу муносабат билан Самарқандда янги аэропорт, “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази бунёд этилди. Бу кўп тармоқли марказ таркибида 8 та замонавий меҳмонхона, Конгресс ҳолл, “Боқий шаҳар” мажмуаси, амфитеатр ва кўплаб бошқа иншоотлар бор. Ҳозир шаҳар кўчаларига ШҲТ ва унга аъзо мамлакатлар байроқлари, саммитга бағишланган афишалар байрамона кўрк бағишлаб турибди.
Бутун дунё учун туризм хабига айланаётган Самарқанд шаҳрида ўтадиган ШҲТ саммити туризмнинг янада тараққий этишига ҳам хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Президентимизнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг 2021 йилда Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида ўтказилган мажлисида илгари сурган ташаббуси билан Самарқандда ташкил этилган “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети биринчи проректори Жўлибой ЭЛТАЗАРОВ билан суҳбатимиз ана шу нуфузли тадбир шукуҳи ва ШҲТ маконида туризмни ривожлантириш, бу борада амалга оширилиши зарур бўлган устувор масалалар ҳақида бўлди.
– Самарқанднинг саммит ўтказиладиган жой сифатида танланиши чуқур маънога эга. Бу шаҳар азалдан тарихий учрашувлар ва цивилизациялар мулоқоти манзили, маданий-гуманитар алоқаларни, халқаро савдони ривожлантириш, яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш кўприги бўлиб келган, – дейди Ж.Элтазаров. – Туризм ҳар доим халқлар ва давлатлар ўртасида манфаатли ҳамкорлик, ишонч, дўстлик, яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришга, тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга замин яратиб келган. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти каби нуфузли халқаро тузилманинг фаолият фалсафаси ҳамда пировард мақсадлари билан мос тушган халқаро туризмни ривожлантириш ғояси ҳам аъзо мамлакатлар ўртасида бу борада ҳамкорлик, инвестициялар ҳамда илмий тадқиқотлар учун кенг имкониятлар эшигини очади.
Президентимизнинг ШҲТ макони учун туризм соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битим тайёрлаш таклифи жуда катта аҳамиятга эга бўлди. Бу ташаббусда ШҲТ мамлакатлари ўртасида сайёҳлар оқимини кўпайтиришнинг иқтисодий, логистик имкониятларини қайта кўриб чиқиш, туризм инфратузилмасини яхшилаш учун инвестицияларни кенг жалб этиш, сайёҳлар учун қулай шарт-шароит яратиш ҳамда маданий алоқаларни янада чуқурлаштиришга йўналтирилган тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш лозимлиги кўрсатиб берилган.
– ШҲТга аъзо давлатлар, кузатувчилар ва ҳамкорларнинг умумий маданий мероси ЮНЕСКОнинг 207 та жаҳон мероси объектини ташкил этади. Бу борадаги ҳамкорлик тўғрисида маълумот берсангиз.
– Бу маданий мерос объектлари туризмни ривожлантиришда алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, асрлар давомида бутун дунёдан сайёҳларни ўзига жалб этиб келмоқда.
ШҲТга аъзо давлатларнинг туризм ҳамжамиятлари билан ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларини фаоллаштириш туризмни биргаликда тарғиб қилиш, сайёҳлик ресурслари имижини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади. Ўз навбатида, ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасидаги халқаро туризмни ривожлантиришга қаратилган ҳаракатлар дастури изчил амалга оширилиши устувор вазифадир.
ШҲТ мамлакатлари ўртасида туризмни ривожлантиришнинг жуда катта имкониятлари мавжуд. Бу давлатларнинг умумий майдони Арктикадан Ҳинд океанигача ва Шанхайдан Калининградгача чўзилган, бу ҳудудларда дунё аҳолисининг 40 фоизидан ортиғи яшайди. Бу улкан туризм бозори, лекин унинг салоҳиятидан етарлича фойдалана олаётганимиз йўқ. Туризм учун жуда муваффақиятли бўлган пандемиягача даврда – 2019 йилда ШҲТ давлатларидан 250 миллионга яқин сайёҳ чет элда дам олган (Хитой - 155 миллион киши, Ҳиндистон - 27 миллион киши, Россия 20- миллион киши, Ўзбекистон - 1,7 миллион киши, Қозоғистон - 206 минг киши, Тожикистон - 31 минг киши). Бу эса халқаро туризм учун ажойиб имкониятларни намойиш этади.
ШҲТ мамлакатларининг туризм имкониятлари жуда кенг. Бу маданият туризмида ҳам, зиёрат, дам олиш, тиббий ва экстремал туризмда ҳам кўзга ташланади. Зеро, Хитойдаги Буюк Хитой девори, Деамин император саройи, Россиядаги қадимги рус меъморлигининг “Олтин ҳалқа” шаҳарлари, Москва ва Санкт-Петербургнинг бетакрор сарой ва кўприклари, табиат мўъжизаси – Бойкўл ва Сибир ўрмонлари, Ҳиндистондаги Тожмаҳал ва бошқа бобурий ҳукмдорлар саройлари, Покистоннинг Лаҳор шаҳридаги бобурийлар мероси, Қозоғистондаги Аҳмад Яссавий мақбараси, олтин кийимли одам топилмалари сайёҳларни жалб этиб келмоқда. Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива каби қадимий ва очиқ осмон остидаги музей-шаҳарлари, Амир Темур, Улуғбек, Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Термизий, Паҳлавон Маҳмуд каби буюк сиймолар мақбаралари, Қирғизистоннинг мовий Иссиқкўли, Тожикистоннинг осмонўпар чўққилари - буларнинг ҳаммаси ШҲТга аъзо давлатлар сайёҳлик имконияти ҳам бозор, ҳам талаб, ҳам имконият жиҳатидан нақадар катта ва муҳташамлигини кўрсатади.
– Туризмни ривожлантириш амалиётига кўра, соҳанинг юқори даромадли бўлиши учун туризм бозоридаги барча иштирокчилар саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарур. Бу борада ШҲТ макони доирасида қандай янги имкониятларни кўряпсиз?
– Ўзбекистон туризмни ривожлантиришда катта ютуқларга эришаётгани жаҳон ҳамжамияти, жумладан, ШҲТга аъзо давлатлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Ҳозирги кунда миллий иқтисодиётга юқори даромад келтирадиган истиқболли тармоқлардан бири – туризм. Мамлакатимизда 7 минг 300 дан ортиқ маданий мерос объекти мавжуд ва аксарияти ЮНЕСКО рўйхатига киритилган. Шу билан бирга, юртимизнинг ўзига хос табиати, гўзал дам олиш масканлари имкониятларидан фойдаланган ҳолда янги сайёҳлик йўналишларини очиш мумкин.
Туризмни ривожлантириш стратегияси қадам-бақадам амалга ошириб келинаётгани учун саноқли йиллар ичида катта салоҳиятга эга бўлган туризм индустрияси яратилди. Бу иш, аввало, туризм сектори учун юқори малакали ва жаҳон талаблари даражасида кадрлар тайёрловчи олий ўқув юртини барпо қилиш билан бошланган эди.
Президентимизнинг 2018 йил 28 июндаги фармони билан таъсис этилган “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети қисқа муддатда ҳам мамлакатимиз, ҳам ШҲТ мамлакатлари учун туризм соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга ихтисослашган олий ўқув юртига айланди. Бу ерда таҳсил олаётган 1,5 мингга яқин кундузги, 1,5 мингдан зиёд сиртқи бўлим талабаси эрта-индин туризм соҳасига “янги қон” бўлиб қўшилади. Бугунги кунда ШҲТ, МДҲ, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ёшлари ҳам университетимизда таҳсил олмоқда.
– Самарқанд саммитини юқори савияда ўтказиш ишларида “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетининг ҳиссаси қандай бўлди?
– Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгаши мажлисига бутун мамлакат, вилоят аҳли қатори университетимиз жамоаси ҳам жиддий тайёргарлик кўрди. Университет профессор-ўқитувчилари ва мутахассислари иштирокида меҳмонларга хизмат кўрсатадиган юзлаб ресторан, меҳмонхона, туризм обекти, музей, транспорт ходимлари, мингга яқин кўнгилли ўқитилди ва қайта тайёрланди. Бугун университет ходимларининг барчаси, талабаларимизнинг асосий қисми ШҲТ саммити меҳмонларига хизмат ва ёрдам кўрсатишга шай турибди.
Ўзбекистон Буюк ипак йўлининг маркази бўлиб, қадим замонлардан буён бутун дунё сайёҳлари эътиборини ўзига тортиб келган. Орадан неча минг йиллар ўтиб юртимизга ана шу қадимий сифат қайтмоқда, мамлакатимиз яна дунёнинг туризм хабларидан бирига айланяпти. Мамлакатимиз туризм бўйича халқаро рейтингларда тобора юқори ўринларни эгаллаб келмоқда.
Самарқанд саммитида туризмни ривожлантириш ва маданий меросни асраб-авайлаш бўйича ҳамкорлик юқори босқичга чиқади ҳамда мамлакатимизда туризмни янада ривожлантиришга хизмат қилади.