Анжуманда Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Хўжаев, Қирғизистон маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири Қайрат Иманалиев, Туркия Президенти Администрацияси алоқа бўлими бошлиғи Фаҳреттин Алтун, Қозоғистон ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазирининг ўринбосари Асхат Оралов, Венгрия Савдо вазирлигининг ташқи алоқалар ва хавфсизлик сиёсати бўйича давлат котиби Петер Штарай, Туркий кенгаш бош котиби Бағдод Амреев ва бошқалар иштирок этди.
Ўзбекистон делегацияси Туркий кенгашга аъзо давлатлар билан ахборот ва оммавий ахборот воситалари соҳасида фаол ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлигини билдирди. Хусусан, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатларнинг расмий ахборот агентликлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаш масаласини ўрганиш таклиф қилинди. Ушбу ҳужжат маълумот тайёрлаш ва тарқатиш бўйича тажриба алмашиш, журналистларнинг Кенгашга аъзо мамлакатларга ахборот сафарларини ташкил этиш, қўшма ўқув курслари ўтказиш, умумий ахборот хавфсизлигини таъминлаш, турли ахборот таҳдидларига қарши биргаликда курашиш учун ҳуқуқий асос яратади.
Иштирокчилар Ўзбекистон вакиллари таклифини қўллаб-қувватлади.
Йиғилиш доирасида туркий тилли давлатларда бўлиб ўтаётган воқеалар тўғрисида маълумот бериш бўйича қўшма тадбирларни кучайтириш, 2021-2022 йилларда ахборот ва оммавий ахборот воситалари соҳасида ҳаракат режаси, туркий тилли давлатлар тарихи ва маданиятига бағишланган бадиий ва ҳужжатли фильмлар суратга олиш, медиа-экспертлар учун ўқув курслари ва алмашинув дастурларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Дунё ҳамжамиятини Туркий кенгаш мамлакатларининг бой тарихий ва маданий мероси, ўсиб бораётган савдо-иқтисодий ва сайёҳлик салоҳияти билан таништириш, маданият ва санъат соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича қўшма чоралар кўриш муҳимлиги таъкидланди. Жорий йил Туркий кенгашга аъзо қатор мамлакатлар мустақиллиги эълон қилинганининг 30 йиллиги нишонланаётгани таъкидланди ва ушбу юбилей санасига бағишланган халқаро медиа-форум ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.