Мулоқот чоғида Klintek İnşaat ve Enerji томонидан ишлаб чиқилаётган Фарғона вилоятида экологик тоза технологияларни татбиқ этган ҳолда чиқиндини қайта ишлаш бўйича ташкил этиш режалаштирилаётган корхонанинг лойиҳа таклифи ҳолати муҳокама этилди.

Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокими бошчилигидаги делегациясининг жорий йил февраль ойида Туркияга ташрифи чоғида, март ойи охирида эса Klintek İnşaat ve Enerji компанияси раҳбарларининг Фарғонага ташрифи доирасида дастлабки таклифлари тақдим этилганди.

Қиймати 170 миллион евро бўлган корхона ишга туширилса, вилоятимизда кунлик 2,5 минг тоннагача бўлган чиқиндини қайта ишлаш ҳисобига йиллик 50 МВт электр энергияси ва 25 минг тонна ўғит ишлаб чиқарилади, чиқиндиларнинг катта қисми яна фойдаланиладиган буюмларга айлантирилади, 600 дан зиёд иш ўрни яратилади.

Klintek İnşaat ve Enerji компанияси раҳбарлари Мевлют Алдирмаз ва Селим Баликчи кеча Тошкентда Республика энергетика ва экология соҳаси масъуллари билан учрашиб, ушбу лойиҳа бўйича техник шартларни қайта кўриб чиқди. Бугунги мулоқотда туркиялик ишбилармонлар якуний лойиҳа таклифини келгуси ҳафтада тақдим этишларини билдирди.

Ушбу лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш бўйича ҳамкорлик ишлари давом эттирилади, деб хабар беради Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.