Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси таклифига биноан Туркия Олий сайлов кенгаши делегацияси мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Президент сайловини кузатиш мақсадида юртимизга ташриф буюрди. 20 октябрь куни Марказий сайлов комисияси Раиси Зайниддин Низомхўжаевнинг Туркия Олий сайлов кенгаши раиси Мухаррем Аккая ва Олий сайлов кенгаши аъзоси Куршат Хамуржу билан учрашуви бўлиб ўтди.
Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низомхўжаев меҳмонларни мамлакатимиз миллий сайлов тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништириб, сайлов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда Сайлов кодексига мувофиқ очиқ ва ошкора ўтказилаётганини таъкидлади. Қайд этилганидек, хорижда яшаётган сайловчиларимизнинг ҳам сайлов ҳуқуқларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови учун элчихоналар ва консуллик идоралари ҳузурида 37 та давлатда 54 та сайлов участкаси ташкил этилди. Шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Анқара шаҳридаги элчихонасида 43- сайлов участкаси ва Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасида 44- сайлов участкаси жойлашган.
Шу билан бирга, жорий сайловлар коронавирус пандемияси даврида ўтказилаётганини ҳисобга олиб карантин қоидаларига риоя қилиш талабларидан келиб чиқиб сайлов комиссиялари аъзолари, кузатувчилар, сайловчилар орасида касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича махсус йўриқнома ишлаб чиқилди. Барча сайлов участкаларида яширин овоз бериш хоналарида сайлов жараёнининг барча иштирокчилари тиббий ҳимоя воситаларидан фойдаланишлари шартлиги белгиланди.
Туркия Олий сайлов кенгаши раиси Мухаррем Аккая Ўзбекистонда миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга юқори баҳо берди ва Марказий сайлов комиссиясига сайловларни ўтказишда муваффақият тилади, деб хабар беради Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати.