Учрашув аввалида меҳмон Ўзбекистондаги чарм-пойабзал саноатининг ишлаб чиқариш салоҳияти билан атрофлича таништирилди. Уюшма раҳбарияти инвесторга мамлакатимизда хорижий сармоядорлар учун яратилган шароит ва имкониятлар, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳақида батафсил маълумот берди.
Музокаралар чоғида жаноб Эмин Дениз Ўзбекистонда аёллар пойабзалини ишлаб чиқариш ниятида эканлигини маълум қилди. Туркиялик инвестор Ўзбекистон ҳукумати томонидан тадбиркорлар ва хорижий сармоядорларнинг тўлиқ қўллаб-қувватланиши сабаб, бугунги кунда кўплаб турк компаниялари Ўзбекистонга сармоя киритишга қизиқиш билдираётганини алоҳида қайд этди.
Йиғилишда Самарқанд вилоятида барпо этиладиган янги корхонани ташкил этиш бўйича зарур жиҳатлар атрофлича муҳокама этилди. Пойабзал учун тайёр чарм ва тагликлар ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш таклифи маъқулланди. Ҳамкорликнинг кейинги истиқболларини белгилаш мақсадида музокараларнинг навбатдаги раундини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Янги корхона маҳсулотлари Россия ва Европа мамлакатлари бозорларига экспорт қилинади. Маҳсулотлар табиий чармдан тайёрланади.
Учрашув якунида ҳамкорликнинг кейинги истиқболлари атрофлича таҳлил этилди, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.