Аввал хабар қилинганидек, Туркиянинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда қатор таниқли инфлюенсерлари айни кунларда Ўзбекистон бўйлаб саёҳатда бўлиб турибди. Меҳмонлар 5 кун давомида мамлакатимизнинг зиёрат туризми салоҳияти билан яқиндан танишишмоқда.
Мазкур турдан кўзланган мақсад Ўзбекистоннинг сайёҳлик имижини кенг тарғиб қилиш ҳамда зиёрат туризмини янада ривожлантиришдан иборат. Медиа-гуруҳ саёҳати кўҳна ва боқий Бухоронинг қадимий ҳамда муқаддас манзиллари бўйлаб зиёрат амалларидан бошланди.
Меҳмонлар «Баҳоуддин Нақшбанд», «Пойи Калон», «Лаби Ҳовуз» мажмуаси ҳамда «Арк» қўрғонида бўлишди.
Ташриф давомида Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов меҳмон ОАВ вакиллари билан учрашиб, ўзаро ҳамкорлик алоқаларни мустаҳкамлаш борасида сўз юритди.
Меҳмонлар орасида Йилмаз Али Абдусселам, Гўк Керем, Бекар Ҳалил Иброҳим, Катана Йилмаз Ҳусейн ва Генч Меҳмет, Ёсир Йилмаз каби фаол You-Tube блогерлари мавжуд.
Туркиялик инфлюенсерлар иштирокидаги мазкур инфо-тур “Asialuxe Travel” миллий туроператори томонидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган.
Ташриф доирасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида медиа-гуруҳ ва масъуллар иштирокида учрашув ўтказилиши режалаштирилган.