Олот божхона чегара постида тантанали кутиб олинган меҳмонлар дастлаб Лебап вилоятига қўшни бўлган Қоракўл туманида сўнгги йилларда рўй берган улкан ўзгариш ва янгиланишлар билан танишди. Туманда ишлаб чиқарилаётган саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, халқ амалий санъати намуналарини кўздан кечирди.
Меҳмонлар Қоракўл маданият марказида бўлиб, Бухоро вилоятидаги таълим муассасаларида ўқиётган туркманистонлик ёшлар, туркман миллатига мансуб фуқароларимиз билан самимий суҳбатлашди.
«Обод қишлоқ» дастури асосида 2019 йилда барпо этилган маданият маркази кўпмиллатли туман аҳли, авваламбор, ёшларнинг энг севимли масканига айланган. Маданият уйида ташкил қилинган тўгаракларда ёшлар рақс, мусиқа, тасвирий санъат, компьютер саводхонлиги йўналишларида шуғулланмоқда, билимини мустаҳкамлаяпти.
Бир юз эллик олти мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатаётган марказдаги улкан томоша залида ижодий жараёнлар ҳамиша қизғин, янги асар ва спектакллар саҳналаштирилади.
Меҳмонлар Ўзбекистон халқ ўқитувчиси, «Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби, нафақат юртимизда, балки хорижий мамлакатларда ҳам машҳур бўлган Қоракўл математика мактаби асосчиси Тўхтамурод Жумаев хотирасига бағишлаб, ҳаваскорлик жамоаси томонидан тайёрланаётган «Бугунги замон Авлонийси» спектакли репетициясини кузатди.
Ҳақиқатан ҳам, Қоракўл деганда, биринчи навбатда кўпчиликнинг кўз олдига унинг математика мактаби, салоҳиятли ёшлари келади. Яқин орада бу ерда таълим кластери тизимини жорий этиш, жумладан, ахборот технологияларига ихтисослашган олий таълим муассасаси ташкил этиш режалаштирилган. Туркманистонлик меҳмонлар бу ердаги таълим-тарбия жараёнлари, яратиб берилган шароитлар билан қизиқиб танишди.
Кўриниб турибдики, 720 ўринли янги мактабда ўқиш учун барча шарт-шароитлар муҳайё. Синф хоналари жаҳон андозаларига мос жиҳозланган. Янги бинода 320 ўринли ётоқхона, кутубхона, музей, фаоллар зали ва 50 ўринли меҳмонхона ҳам мавжуд. Ўқувчилар математика-физика, математика-инглиз тили ҳамда кимё-биология фанлари бўйича билим олади.
Мактаб учун 2019-2020 ўқув йили ҳам муваффақиятли кечди. Мактабни битирган 48 нафар ўқувчининг барчаси олий таълим муассасаларига талабаликка тавсия этилди. Мактаб ўқувчилари халқаро олимпиадаларида 4 та олтин, 7 та кумуш, 5 та бронза медалларни қўлга киритди.
Лебап вилояти ҳокими эсдаликлар китобига ўзининг самимий тилакларини муҳрлади. Умуман, Қоракўлдаги кенг кўламли ютуқлар меҳмонларда ҳам қизиқиш уйғотди.

Меҳмонларга «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурлари доирасида бошланган «ободлик» тушунчаси том маънода халқимиз ҳаёти, турмуш тарзида ўз аксини топаётгани ҳақида айтиб берилди. «Обод марказ» дастури доирасида Қоракўл тумани маркази тубдан янгиланиб, ўзгача чирой касб этди. Янги амфитеатр, супермаркет, йигирмага яқин ташкилотларнинг янги бинолари, замонавий уй-жойлар, шифохона ва мактаб ва бошқа ижтимоий объектлар қурилиб, кўркам шаҳар қад ростлади. Шу билан бирга тумандаги 7 та қишлоқ қиёфаси тубдан ўзгарди.
Қўшни давлат билан чегарадош ҳудудлар саналган Қоракўл ва Олот туманларида кўпмиллатли қишлоқлар аҳолиси фаровон ҳаёт кечириши учун тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани айтиб ўтилди. Олот туманининг энг чекка «Арабхона», «Қирлишон», «Давлатбой» маҳаллалари шундай эзгу саъй-ҳаракатлар натижасида кўркам кўринишга кирди.
Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, тармоқ ва корхоналар ўртасида кооперация алоқаларини мустаҳкамлашни муҳокама қилиш, турли йўналишларда тажриба алмашиш ташриф дастуридан ўрин олган муҳим йўналишларни ташкил этди.
Қоракўл туманидаги томчилатиб суғориш жорий қилинган пахта далалари билан танишув пайтида юртимизда қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари, янги технологиялар, ресурсларни тежашга асосланган тизимлар жорий этилаётгани, бу масалада деҳқон ва фермерларга давлат томонидан катта амалий мадад берилаётгани ҳақида маълумот берилди.
Пахтани чуқур қайта ишлашга ихтисослашган «Бухоро пахта тўқимачилик кластери» кўп тармоқли корхонаси фаолияти билан танишиш чоғида ҳеч бир жиҳат эътибордан четда қолмади. Толадан ип йигириш, мато тўқиш ва бўяш, уни тайёр маҳсулот ҳолатига келтириш, лаборатория текширувлари. Ҳаммаси синчиклаб ўрганилди.
Меҳмонларнинг Баҳоуддин Нақшбанд қадамжоси зиёратидан кейин Бухоро шаҳрида ўтган тадбирлар ҳам самимий ва самарали кечди.

Бухоро туманидаги «Бухоро Варнет» корхонаси. Ҳозирги кунда у замонавий агросаноат мажмуасига айланяпти.
Аввал бу ерда фақат иссиқхона бўлган бўлса, эндиликда унинг ёнида ўқув маркази, лаборатория ҳамда иссиқхоналар учун конструкциялар ишлаб чиқарувчи корхона ташкил этиляпти. Яъни, замонавий иссиқхоналар учун нимаики керак бўлса, шу ерда тайёрланади.
Меҳмонлар ташриф чоғида мазкур мажмуанинг имкониятлари билан танишди. Шаҳар марказида ташкил этилган саноат ярмаркасида бўлган делегация аъзолари вилоятнинг саноат салоҳияти, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан боғлиқ аниқ маълумотларга эга бўлди.
Бухоро шаҳридаги давлат хизматлари маркази ва IT парк ташрифнинг навбатдаги манзили бўлди.
Бу ерда «ягона дарча» тамойили асосида 130 дан ортиқ турдаги давлат хизматлари кўрсатилаётгани, бинода Халқ қабулхонаси, Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича қабулхона, ФҲДЁ бўлими, нотариал идора ҳам жойлашгани аҳолига қулайлик яратаётгани делегацияси аъзоларида катта таассурот қолдирди. Бинонинг иккинчи қаватида жойлашган IT паркда ҳам ўқувчилар, ҳам талабалар, ҳам фрилансер ва дастурчилар учун зарур шароитлар яратилган. Болалар мактаб давридан ўйинлар орқали ахборот технологияларига қизиқтирилади, кейин ўқитилиб, лойиҳалар ишлаб чиқишга ўргатилади. Бу ерда ёш ҳаваскорлар, робототехниклар, веб дизайнерлар, профессионал дастурчилар йиғилган.
Қадим Бухорога келган меҳмон борки, албатта, унинг тарихий обидалари билан танишади. Шу маънода, туркман қардошларимиз Арк қўрғони, Сомонийлар мақбараси, Масжиди Калон, Мир Араб мадрасаси каби ноёб меъморлик намуналари билан танишувдан катта таассурот олганига шубҳа йўқ.
Ҳа, Бухоро тамаддун ва турфа маданиятлар кесишган чорраҳа. Бинобарин, мамлакатимиз миқёсида, шу жумладан, 30 дан зиёд миллат ва элат вакиллари истиқомат қиладиган Бухоро вилоятидаги тотувлик ана шу бирдамликдан сўзлайди. Ўзбекистонда 30 июлнинг Халқлар дўстлиги куни этиб белгилангани бугун ҳар бир халқ, ҳар бир миллат қадриятлари улуғланииб, фуқароларга миллий ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар тенг тарзда турмуш, меҳнат шароити яратилиши, бир сўз билан айтганда, барқарор ривожланиш борасидаги мақсадларимизнинг амалга ошиши учун ўта муҳим таянч мезон бўлиб хизмат қилади.

Машҳур Лаби ҳовуз бўйида жойлашган тарихий обида бағрида бўлиб ўтган байрам тадбирида ана шулар ҳақида сўз борди. Учрашувда Ўзбекистонда таълим олаётган туркманистонлик талабалар, мамлакатимиздаги туркман миллий маданий маркази фаоллари иштирок этгани унга ўзгача файз бағишлади.
Ўзбек халқи азалдан миллатлараро тотувлик, бағрикенглик, яқин қўшничилик муносабатларини энг асосий қадрият сифатида баҳолаб келган. Бу ҳақда гап борар экан, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги ўзаро дўстлик алоқаларининг янада мустаҳкамланганини эътироф этмай иложи йўқ.
Азалдан бир дарёдан сув ичган икки халқнинг маданияти, урф одатлари, қадриятлари ҳам шу қадар муштаракки, уларнинг ҳамжиҳатлиги эзгу мақсадлар рўёбига ҳам хизмат қилади.
Бугун Бухоро вилоятида туркман миллатига мансуб 30 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Уларнинг тили, маданияти, урф-одатларини доимий ривожлантириб бориш учун барча шарт-шароит яратилган. Туркман миллий-маданий маркази фаолият юритади. Вилоят олий таълим муассасаларида Туркманистоннинг 550 дан ортиқ фуқароси таҳсил олади. Уларнинг 5 нафари аъло баҳоларга ўқиганлиги ва ўзбек-туркман дўстлигини янада юксалтиришда қўшиб келган ҳиссалари учун Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллик эсдалик нишони билан тақдирланди.
Ҳамжиҳатлик, якдилликнинг яққол мисолини мазкур учрашувда ҳам яққол кузатишимиз мумкин.

Шу куни учрашув катта байрамга айланди. Саҳнада турли миллат қўшиқлари янгради. Ёшларнинг ўйин кулгуларини кекса авлод вакиллари кўтаринки кайфият билан қўллаб-қувватлади.
Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.