Тўлақонли ҳаёт кечириши учун инсоннинг кундалик истеъмолида ун, ёғ маҳсулотлари билан бирга, гўшт ва сут маҳсулотлари ҳам муҳим ўрин тутади. Шу боис, аҳолининг ошиб бораётган эҳтиёжини инобатга олган ҳолда, бугун айнан чорвачилик соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Президентининг шу йил 3 мартдаги “Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чоратадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳа тараққиётини янги поғонага кўтарди. Меъёрий ҳужжатда ички истеъмол бозорини гўшт, сут, тухум ва бошқа чорвачилик маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик озуқа базасини кенгайтириш, ички ва ташқи бозор учун рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича илмий асосланган усуллар ҳамда интенсив технологияларни кенг жорий этиш каби йўналишлар устуворлиги кўрсатилган.

Қайси соҳа бўлмасин, унинг ривожи учун, албатта, малакали, кучли билим ва салоҳиятга эга, энг муҳими, ўз ишини яхши кўрадиган кадрларни тайёрлаш ўта муҳим. Айнан шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда,  Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг Тошкент филиалида ҳам сиртқи ва кечки таълим йўналишларида янги — чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш технологияси йўналиши очилди. Бу бўйича ўқиётган талабалар энди ҳам ўқиш, ҳам назарий билимини амалиётда қўллаш имкониятига эга бўлади. Бундан ташқари, соҳани замон талабларига мос тарзда қайта модернизация қилиш, унга инновацион технологияларни жорий этиш, чорва моллари ва парранда озуқаси таркибини таҳлил қилиш ҳамда паррандалар касалликларини аниқлаш бўйича лабораторияларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш учун Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан 3 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланди.

Қарорда соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлар учун ҳам бир қанча енгилликлар кўзда тутилган. Жумладан, 2020-2022 йилларда чорвачилик маҳсулотлари ва интенсив усулда балиқ етиштирувчи ҳамда паррандачилик хўжаликларига давлат томонидан субсидия ажратилиши диққатга молик ишлардан бўлди.

2024 йил 1 январга қадар наслчилик субъектлари учун уларнинг асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланади. Бу эса, ўз навбатида, айнан шу йўналишда фаолият юритаётган тадбиркорлар сони кўпайишига ҳам сабаб бўлди.

Охирги беш йилда чорвачилик субъектлари сони уч баробар кўпайди. 2021 йил август ҳолатида юртимизда чорвачилик хўжаликлари сони 17 мингдан ошди. Хусусан, улардан юздан зиёди 1000 бош ва ундан ортиқ чорва моли бўлган хўжаликлардир.

Маълумотларга кўра, бугун қорамолнинг 94 фоизи, қўй ва эчкининг 84 фоизи, парранданинг 58 фоизи аҳоли хонадонларида боқилмоқда. Бу йил чорвачилик хўжаликлари фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида 7 миллиард сўм миқдорида субсидия ажратилди. Ветеринария ҳамда чорвачилик йўналишида ҳамкорлик ва тажриба алмашиш мақсадида бир нечта хорижий давлатлар ташкилотлари, ўқув муассасалари билан мулоқот ўрнатилди. Хусусан, Япониянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти каби бир неча халқаро ташкилотлар билан турли келишувларга эришилди. Бу эса айнан ветеринария ва чорвачилик соҳасида ишлаётган, ўқиётган ёки шу соҳада илмий изланиш олиб бораётганлар учун ижобий ҳолатдир. Чунки бу орқали улар чет давлатларда ҳам тажриба ошириш имкониятига эга бўлди.

Бу каби имкониятлар, албатта, чорвачиликнинг кенг кўламда ривож топишига хизмат қилади. Қабул қилинаётган қарор ва фармойишлар ҳам аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, дунё ҳамжамиятида ўз сўзи, билими ва тажрибасига эга кадрларни тайёрлашга хизмат қилади.