Трампнинг  постларини ёзадиган махсус ёрдамчиси борлиги, унинг фаолиятидаги зарурат бўлиши мумкин. Аммо постларни жойламасада доимий кузатиб бориш ва постларда нуқтаи назарини ифода эта олиши лозим.

Ижтимоий тармоқларда сиёсатчиларнинг бўлиши бугунги куннинг талаби. Улардан кўзланган асосий мақсад ҳам шу – сиёсатчи ва сайловчи, давлат хизматчиси ва халқ ўртасида жонли мулоқотни ташкил этиш. Натижада улар халққа яқинлашади, қилаётган ишларини қуруқ расмий хабарлар орқали эмас, барчага тушунарли тилда баён қилади. 

Дан Скавино — Президент маъмуриятининг Ижтимоий медиа директори. Оқ уй раҳбарининг сўзларига кўра, у мустақил равишда постларни фақат эрталаб ёки кечқурун нашр этади. Пешиндан кейин, Америка раҳбари жуда банд ва шунчаки ўз ёрдамчисига хабарларни ёзиб қўяди.

Маълумки, Трамп ижтимоий тармоқларда жаҳоннинг бошқа раҳбарларидан кўра фаолроқдир. Аммо доимий кузатувчилари постлар унинг қўли билан ёзилмаслигини билгач ҳавотирга тушишлари мумкинми? Трамп “Менинг бир ажойиб жентлмен ёрдамчим бор. Дан жуда зўр йигит. У яхши ишлайди“, дея таъкидлаган. Бундан кўринадики, постларда унинг қарашлари, фикрлари тўла ифода этилади десак хато бўлмайди. Фақат қўллар бошқа ҳолос. Бу эса табиий ҳолат деб баҳоланиши керак, назаримда.

Камола Абдувалиева 
“Миллий тикланиш” партияси Андижон
 вилоят Кенгаши матбуот котиби