Унда Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзолари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, фахрий журналистлар, шунингдек, мазкур соҳада тадқиқот олиб бораётган профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

“Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси: замон билан ҳамқадам” номли китоб-альбоми ЎзМТРКнинг тарихи ва бугунги кундаги фаолиятига бағишланган бўлиб, асосан, тарихий фотосуратлар, аниқ факт ва рақамлар ёрдамида тизимдаги телерадиоканаллар ва корхоналарнинг ривожланиш босқичлари, мустақиллик йилларида қўлга киритилган ютуқлар, фойдаланилаётган замонавий технологиялар акс этган.

“Телевидение менинг тақдиримда” номли илмий-оммабоп тўпламда ўзбек телерадиожурналистикаси тарихи ва бугунига оид туркум мақолалар, шунингдек, эссе, очерк ва бадиалар жамланган.  ЎзМТРК тизимида фаолият олиб борган устоз журналист ва режиссёрлар, тасвирчи ва продюссерлар, шунингдек, техник ходимларнинг гўзал хотиралари ўрин олган.

Хусусан телевидениеда ўзига хос режиссёрлик мактабини ярата олган Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Маҳкам Маҳаммедов, Ўзбекистон телевидениесининг афсонаси, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Галена Мельникова, ўзига хос дикторлик мактабини яратган олий тоифали сухандон Насиба Ибрагимова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, илк сиёсий шарҳловчилардан бири Турсун Қоратоев, “Бир ўлкаки...”, “Ўзанини топар дарёлар”, “Менинг ўлкам” каби кўрсатувлар муаллифи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Бобожонов каби ўнлаб устоз ижодкорларнинг телерадиокомпания билан боғлиқ хотиралари бугунги авлод учун ибрат мактаби вазифасини ўтайди. Шунингдек, журналистика йўналиши бўйича таҳсил олаётган талабалар ва кенг китобхонлар учун мўлжалланган мазкур тўпламдан ёш ижодкорлар – журналист ва режиссёрларнинг ҳам фикр-мулоҳазалари, эссе ва бадиалари ўрин олган.

“Радио ва телевидение” номли китобда телерадио журналистикасининг тадрижий тараққиёт босқичлари, жанр хусусиятлари ҳамда ўз даврида мазкур соҳага улкан ҳисса қўшган ва қўшаётган журналист, режиссёр, диктор-бошловчилар ҳаёти ва ижоди, шунингдек, бугунги кунда юртимизда фаолият кўрсатаётган давлат ва нодавлат телерадиоканаллар ҳақида сўз боради.

Китоб кириш ва 5 асосий бобдан иборат бўлиб, биринчи боб бевосита радио тарихи, унинг тараққиёт босқичларига бағишланади. Унда юртимизда радионинг пайдо бўлиши, ривожланиш босқичлари ва радиоканалларнинг бугунги фаолияти батафсил таҳлил этилган.

Иккинчи боб “Телевидениенинг пайдо бўлиши ва эволюцияси” деб номланиб, Тошкентда телевизорнинг ихтиро қилинишидан тортиб, илк теледастурлар, илк журналист ва режиссёр, тасвирчилар фаолияти, шунингдек, тележурналистик жанрлар таснифи ҳамда тадрижи акс эттирилган. Бунда тарихий фактлар ва олимларнинг илмий-назарий қарашларидан ўринли фойдаланилган.

Учинчи бобда телевидениенинг мустақиллик йилларидаги фаолияти телеканаллар мисолида очиб берилган. Шунингдек, янги Ўзбекистон даври тележурналистикасида янгича технологик ўзгаришлар, халқаро алоқаларнинг самарасига ҳам тўхталиб ўтилган.

Радио ва телевидение ижодкорлари автобиографиясига бағишланган тўртинчи боб эндигина журналистикага қадам қўяётган ижодкорлар учун, айниқса, аҳамиятлидир.

Китобнинг охирги бобида радиожурналистик жанрлардан намуналар келтирилган. Бугун энг фаол қўлланилаётган радиожанрларнинг амалий ва илмий-назарий аҳамияти очиб берилган.

Тақдимотда бугунги кунда кўпгина олий ўқув юртлари, илмий тадқиқот марказлари, нодавлат теле ва радиоканаллар ходимлари, мустақил изланувчилар ЎзМТРК билан доимий илмий ҳамкорлик қилиш истагини билдираётгани, кейинги йилларда нафақат компания ходимлари, балки, турли илмий муассаса тадқиқотчи-олимлари томонидан илмий-монографик асарлар нашр этилаётгани алоҳида қайд этиб ўтилди. Келгусида ЎзМТРК фаолиятини илмий тадқиқ этишга йўналтирилган бундай ишлар кўламини янада кенгайтириш, соҳага доир фундаментал тадқиқотлар ҳажмини ошириш, рағбатлантириш, илмий тадқиқот натижаларидан олинган хулосаларни амалиётга кенг жорий этиш механизмини йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон миллий телерадиокомпания ҳузурида “Радио ва телевидение” илмий-тадқиқот кенгаши ташкил этилаётгани тўғисида маълумот бериб ўтилди.

Қайд этилишича, мазкур кенгаш радио ва телевидение фаолиятини илмий тадқиқ этишга йўналтирилган тадқиқотларини янги босқичга олиб чиқишга кўмак бериш, олимларнинг ушбу соҳага оид илмий фаолият олиб бориши учун кенг  шарт-шароитлар яратиш каби мақсадларни қамраб олади.