Дастур якунларига кўра, иқтидорли ва саралаб олинган 20 нафар, юқори билимга эга бўлган 4-босқич талабалари ўқув йили сўнгида «Uzbekistan GTL» заводига ишга қабул қилинди.

Жорий йил июль-август ойларида «Internship» дастурини саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган 18 нафар иқтидорли 3-босқич талабалари эса «Uzbekistan GTL» заводининг ишлаб чиқариш ходимлари сифатида, вақтинчалик меҳнат шартномаси асосида, ойлик маош тайинланди. Интерн ходимларга, завод ходимлари билан бир тенгда барча шароитлар яратилган бўлиб улар учун ҳам махсус форма ва ҳимоя воситалари, уч маҳал иссиқ овқат, ётоқ жой ва завод бўйлаб транспорт билан таъминландилар.

— «Uzbekistan GTL» заводида мен жорий йил 20 июнь кунидан бошлаб «Uzbekistan GTL-Internship» дастурига қабул қилиндим, — дейди Тошкент давлат техника университетининг 3-босқич талабаси Ханбеков Амал. — Дастур якунига етгач, бир нечта имтиҳон ва суҳбатлардан ўтдик ва вақтинчалик меҳнат шартномаси имзоланди. Биз бу ерда заводнинг ходими яъни интерн сифатида университетда ўрганган билимларини асосий технологик жараёнларда, ускуна ва жиҳозларни ишлаш принциплари ҳамда тузилишини ўргандик. Бу мен учун жуда муҳим амалиёт бўлди. Мен университетда ўз билимларимни янада кучайтираман, соҳамга бўлган қизиқишимни бир неча баробар ошди. Интерншип даврида завод раҳбарияти биз учун барча шароитларни яратиб берди. Университетни битиришим билан ушбу заводга ишга кириш учун астойдил ҳаракат қиламан.

Бу каби дастур талабаларда мамлакатимизнинг нефть ва газ саноати соҳасида меҳнат қилиш нақадар шарафли ва шу билан биргаликда юқори масъулиятли иш эканлиги, соҳанинг етук мутахассиси бўлишда тинимсиз меҳнат ва билим олишнинг ўта муҳим аҳамият касб этиши тўғрисида тушунча ҳосил қилишларида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади, деб хабар беради «Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 25 декабрда «Uzbekistan GTL» заводининг очилиш маросимида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан нефть ва газ соҳасидаги таълим муассасаларидаги ўқув дастурларини замонавий талаблар асосида қайта кўриб чиқиш, талабалар амалиётини, «Internship» дастурларини «Uzbekistan GTL» заводида ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилган эди.

Иқтидорли талабалар учун «Uzbekistan GTL-Internship» дастури доимий равишда амалга оширилиши режалаштирилган.