Ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари тамал тоши қўйилган бу кўҳна ва навқирон олий таълим даргоҳига 1992 йилда университет мақоми берилди.
Университетимиз ўтган даврда мамлакатимиз ва қўшни давлатларга турли соҳалар бўйича олий малакали мутахассислар тайёрлаб келмоқда. Яратилган кенг имконият ва қулай шарт-шароитлар туфайли хорижлик талабалар, олимларнинг олий ўқув даргоҳимизга қизиқиши ортаётир. Бу университетимиз обрўси ошиб, мамлакатимиз таълим тизими юксалиб бораётганидан далолат.
Қадим ва навқирон Бухорони нафақат сайёҳлик маркази, балки дунё олимлари интиладиган, тинчлик, маърифат ва илм-фан тарқаладиган йирик масканга айлантириш муҳим мақсадлардан. Шу боис, азим шаҳарда илмий мактаблар анъанасини тиклашда Бухоро давлат университети ташаббускор бўлмоқда. Зеро, миллатимизнинг маънавий юксалиши, илм-фанга юксак эътибори ва Учинчи Ренессанс сари ташланган қатъий қадамларида шу пайтгача шаклланган анъаналар билан замонавий илм-фан ютуқлари уйғунлиги катта аҳамият касб этади.
Тарихи бир асрга бўйлашаётган бу олий ўқув юрти аслида ўз сарчашмасини 712-713 йилларда Бухоро арки ичида қурилиб, дастлаб ҳам мактаб, ҳам мадраса вазифасини бажарган жоме масжидидан, қолаверса, ВИИИ асрнинг ўрталаридаёқ мусулмон оламида бунёд этилиб, 937 йилги катта ёнғиндан талофат кўрган Форжақ мадрасасидан олган. Кейинчалик Бухорода бунёд этилган ва ислом оламида алоҳида нуфуз касб этган Мир Араб, 1652 йилда иш бошлаган Абдулазизхон мадрасаси, Абдуллахон, Нодир девонбеги, Кўкалдош мадрасалари олий таълим бериш борасида катта мавқега эга бўлган. Бухорои шарифнинг бу каби мадрасаларида турли даврларда буюк ҳадисшунос Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий, қонуншунос Абу Ҳафс Кабир, машҳур табиб Абу Али ибн Сино, муаррихлар Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий, Ҳофиз Таниш Бухорий, мутасаввуфлар Абдухолиқ Ғиждувоний, Умар Хайём, Абдураҳмон Мушфиқий, Мулҳам Бухорий, Носир Бухорий, Сайфий Бухорий, Хаёлий Бухорий, Ҳасанхожа Нисорий, Махтумқули, Турди Фароғий, Мужрим Обид, Раҳматулла Возеҳ, маърифатпарварлар Аҳмад Дониш, Абдулқодир Савдо, Шамсиддин Шоҳин, Муҳаммад Аминхўжа Муқимий, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Садриддин Айний, Абдурауф Фитрат, Берди Кербобоев, бахши Эргаш Жуманбулбул ўғли каби улуғ инсонлар таҳсил олган.
Имом Бухорий асос солган ҳадисшунослик мактаби, ундан кейин шаклланган калом ҳамда фиқҳ мактаблари бутун ислом дунёсининг ҳуқуқий ва маънавий пойдеворига айланиб, Бухорога «қуббатул ислом» мақоми берилишга сабаб бўлган. Абу Али ибн Синонинг илмий изланишлари тиббиёт илмини жаҳон миқёсида ривожлантирди. Бухоролик етти пир тасаввуф ва фалсафа мактаблари шаклланишига олиб келиб, нафақат юртимизда, балки ислом оламида чуқур фалсафий, диний-ахлоқий, ижтимоий илмларни тараққий топтирди. Мана шуларни инобатга олиб, Бухоронинг тарихий мақомини тиклаш ва маданий-илмий марказга айлантириш бўйича Бухоро давлат университетида амалий қадамлар қўйилмоқда. Бунда, албатта, давлатимиз томонидан белгилаб берилган маърифий тараққиёт йўлида Бухородаги бой маданий ва илмий меросни асраб-авайлаш баробарида, уни бугунги кун ва истиқбол манфаатларига хизмат қилдириш кўзда тутилмоқда. Бухоро давлат университети битирувчилари орасидан давлат арбоблари, таниқли олимлар, шоиру ёзувчилар, маориф ва иқтисодиётнинг турли жабҳаларида муваффақият билан ишлаб, халқ ва давлатнинг эҳтироми ва эъзозига сазовор бўлган кўплаб инсонлар, ишлаб чиқариш, саноат, маданият, санъат, халқ таълими ходимлари, устоз-мураббийлар, журналистлар, депутатлар, халқаро спорт мусобақалари ғолиблари етишиб чиққан. Унинг тарихида академик Тўра Мирзаев, халқ шоири Жамол Камол, халқ ёзувчиси Неъмат Аминов, Тожикистон халқ шоираси Гулчеҳра Сулаймонова, адабиётшунос Иброҳим Ҳаққулов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари халқ артисти Аҳмаджон Шукуров, бастакор Ўлмас Расулов, эркин кураш, самбо, бокс бўйича жаҳон чемпионлари номи ҳамиша фахр билан тилга олинади. Университетда фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасида инновацион корпоратив (ўзаро манфаатли) ҳамкорликни йўлга қўйиш, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар яратиш, шу асосда республика ярмаркаларида профессор-ўқитувчиларнинг самарали иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Тажрибали илмий мактаблар анъанасини давом эттириш, кўп йиллик илмий, педагогик ва касбий тажрибага эга олимлар салоҳиятидан унумли фойдаланиш, иқтидорли талабаларни илмий тадқиқот ишларига кенг жалб этиш ва истиқболли илмий педагог кадрларни тайёрлаш бўйича мақсадли ишлар йўлга қўйилган.
Таълим даргоҳида фольклоршунослик, ўзбек тили ва адабиёти, Ўзбекистон тарихи, физика, биология, кимё, математика, психология, педагогика, чет тиллар, маънавият асослари ва ҳуқуқ каби фанлар бўйича илмий мактаблар яратилган. Натижада илмий жиҳатдан юқори натижаларга эришиляпти.
Университет жамоаси республикамиз таълим тизими учун адабиётлар яратиш бўйича ҳам фаол. Бундан ташқари, ОТМда устоз-шогирд тизимини юқори босқичга кўтариш, ёш олимлар, иқтидорли талабаларни кашф этиш, хусусан, ёшларнинг илм-фанга қизиқиши ва рағбатини оширишга етарли шароит яратиляпти. Умумий майдони 30,2 гектар бўлган ҳудудда 20 минг ўринли замонавий ўқув бинолари, 5400 ўринли шинам ва барча ша- роитга эга талабалар турар жойлари, замонавий лабораториялар, ахборот-ресурс маркази, стадион ҳамда спорт-соғломлаштириш мажмуалари барпо этилмоқда. Илк натижа сифатида шу ўқув йилида янги кампус ҳудудида 2700 ўринли янги замонавий ўқув биноси фойдаланишга топширилди.
Халқаро ҳамкорлик борасида хорижий давлатлардаги кўплаб илмий-ўқув марказлар ва университетлар, хорижий ташкилотлар билан илмий алоқалар ўрнатилмоқда. Халқаро дастур ва фондлар билан боғлиқ чет эл грантларига эришиш ҳам доимий эътиборда.
Қисқаси, Бухоро давлат университети кеча ва бугун ўзгача қиёфада намоён бўлмоқда. Унинг кечаги тарихи келажак йўлини белгилайди. Бугун Бухорода бой илмий меросни чуқур ўрганиш ва қадимий илмий мактабларни янги давр талаблари асосида қайта тиклаш жараёни фаол амалга оширилмоқда.