Таълим-тарбия жараёнида нафақат фундаментал билимлар, балки инсонийликнинг турли қирралари ўргатилади. Шу боис, Шарқда таълим билан тарбия тушунчаси нутқда ҳам, амалда ҳам доимо бирга ишлатилган. Иккисини баробар олиб бориш, уйғунлаштириш ҳамма даврларда долзарб масала бўлиб келган. Бугун ҳам ижтимоий соҳанинг асоси ҳисобланган ўқитиш тизимидаги ўзгаришлар илм-фан, таълим-тарбияга алоқадор муаммоларни аниқлаш, оммага етказишни даврнинг ўзи талаб этмоқда.

Илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш, ютуқларни юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотга айлантириш жараёнида интеллектуал мулкнинг ишончли ҳимоя қилиниши алоҳида аҳамият касб этади. Маълумотларга кўра, интеллектуал мулк улуши Европада ялпи ички маҳсулотнинг 45, Хитойда 12, Россияда 7 фоизини ташкил этади.

2020 йилнинг 12 октябрь куни Президентимиз раислигида бўлиб ўтган йиғилиш “Интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш Учинчи Уйғониш даври учун ишончли пойдевор бўлиб хизмат қилади” деган мавзуга бағишлангани ҳам бежиз эмас. Чунки Ўзбекистонни 2030 йилга қадар Глобал инновацион индекс рейтингидаги 50 та етакчи давлат қаторига киритиш бўйича улкан мақсадлар белгилаб олинган.

Унга эришиш йўлида инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган стратегик режани амалга ошириш вазифаси турибди. Президентимиз илгари сураётган Янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегияси халқимизнинг асрий орзу-интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига жавоб бера оладиган объектив зарурат, таълим-тарбия ривожининг мутаносиблигини таъминлашга қаратилган дастуриламалдир.

Зотан, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялашни энг муҳим вазифага айлантириш масаласи янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонунимизда ҳам акс этган. Чунки юртимизни тараққиётнинг янги босқичига олиб чиқиш, барча куч-ғайратни бирлаштириш ва фидокорона меҳнат қилиш орқали Янги Ўзбекистонни, пировардида, Учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этиш мумкин.

Бу жараёнда қатор омилларни ҳисобга олишимиз даркор. Аввало, ҳозирги ўзига хос туб янгиланишлар даврини эътиборга олиш, жумладан, муттасил олға интилиш, ҳаётни ва тафаккурни ислоҳ қилиш, янгиланиш томон собитқадамлик билан бориш зарур. Бу йўлда маънавий-маърифий соҳадаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш учун ватандошларимизнинг хилма-хил ғоялари орасидан муносибларини танлаб, улар асосида халқимиз менталитетига ҳар томонлама мос келадиган, оммабоп, назарий, умумтарбиявий аҳамиятга эга назарияни ишлаб чиқиш вазифаси турибди.

Мақсадларимиз рўёби учун юртдошларимизнинг ўзини англашига хизмат қилувчи, миллий ва умумбашарий тамойилларни тарғиб этувчи, ибтидосидан интиҳосигача фалсафий мазмунга бой таълимотга эга бўлиш истагини ҳисобга олиш керак. Бу ишларни амалиётга татбиқ этишда ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этиши керак, деган ғояга доим амал қилиш эҳтиёжини кучайтириш мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, халқимиз маънавий меросига дахлдор, минг йиллардан бери амалиётда ўз исботини топиб келаётган мақоллар, ҳикмат ва ривоятларда улуғланаётган энг катта бойлик ақл-заковат ва илм экани беҳуда эмаслигини фарзандларимизга мисоллар орқали тушунтириш масъулияти зиммамизда турибди. Зеро, тарбиясизлик маънавий қашшоқликни келтириб чиқарувчи омил экани, билимсизлик ўзбек халқи ва қадриятларига мутлақо зид келувчи ахлоқсизлик феноменига айланаётганига кунда-кунора гувоҳ бўляпмиз.

Янги Ўзбекистонда таълим-тарбия мутаносиблигини таъминлашда қатор омилларни назарда тутиш лозим. Фуқаролик масъулияти ва замонавий дунёқарашга эга баркамол авлодни тарбиялаш биринчи ўринда туради. Мана шу мақсад бизни тараққиётнинг навбатдаги босқичига элтади. Зотан, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ғояси ҳам тасодифий эмас, балки туб тарихий қиёфамизни дунёга намоён қилувчи омил эканини унутмаслик даркор.

Шу билан бирга, таълим-тарбия узвийлигини таъминлашда илм, маърифий макон ва замоннинг ўрни ҳамда аҳамиятини кўриб чиқиш, унинг ўзагини ташкил қилувчи тарихий-маънавий омилларни санаб ўтиш ўринли. Халқимизнинг улкан маданий мероси, интеллектуал салоҳияти, заминимизнинг азалдан буюк алломалар ва тарихий шахслар юрти бўлгани фикримиз тасдиғидир.

Турон замини биринчи ва иккинчи Ренессанс бешиги бўлганини ортиқча таърифу тавсифлашга зарурат йўқ. Бу ишончни янада мустаҳкамлашда илм, маърифий макон ва замон, унда ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ва сиёсий соҳалардаги ўзгаришларни англаб етишда амал қилиниши зарур бўлган қатор мезонлар мавжуд.

Аввало, иқтисодиёт жамият ҳаётининг танаси эканини теран англаш, мамлакатимиз иқтисодиётининг барча жабҳасида кенг қўлланаётган “ақлли иқтисодиёт”, “инновацион иқтисодиёт”, “яшил иқтисодиёт” ҳақидаги тушунчаларни тўғри талқин қилиш бўйича халқаро тажрибаларга мос изланишлар ва уларнинг самарадорлиги бўйича маълумотлардан халқимизни, аввало, ёшларни доимо хабардор қилиб бориш лозим.

Ҳозирги замон талабларига мувофиқ, илм, маърифий макон ва замон уйғунлиги эътирофида Ўзбекистонга дахлдор ва умумбашарий масалаларга алоҳида урғу бериш керак. Хусусан, юртимиздаги энг муҳим тарбия ўчоғи бўлган маҳалла тизими, оммавий ахборот воситалари орқали рақамли иқтисодиёт, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси, робототехника ва IT парклар, соғлом турмуш тарзи, мактаб фақатгина таълим берадиган маскан эмас, барчамиз учун юксак маънавият бешигига, фарзандларимизни болаликдан бошлаб касбга ўргатувчи даргоҳга айланишига доир муҳим маълумотларни етказиш, янгилаб бориш талаб этилади.

Асрлар оша халқимиз тафаккуридан таълим ва тарбия ажралмасдир, деган ғоя чуқур жой олган. Таълим ислоҳотларида шакл ва воситаларга эмас, сифатнинг туб марказида ётувчи мазмун-моҳиятга кўпроқ эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, ҳар биримиз фақат ўзимизнинг фикримиз тўғри, деб туриб оладиган ва иш қиладиган бўлсак, умуммиллий, умумхалқ ҳаётига дохил мақсадларимизга эриша олмаймиз. Таълим-тарбия соҳасида тажрибасизлик қилсак ва хатога йўл қўйсак, келажак авлодлар бизни кечирмаслиги мумкин.

Шу билан бирга, аждодлардан бизгача етиб келган ғоя, илм, маънавият ҳақидаги улкан меросни тўғридан-тўғри ҳазм қилиб ҳам бўлмайди. Бу ҳолатни тарих сабоқларидан хулоса чиқарган ҳолда, дунё тажрибасига мослаб амалга ошириш, жуда замонавийлашган таълим-тарбия дастури ҳозирги замон шахсига мос келмаслиги мумкинлигини эътиборга олиш лозим.

Таълим ва тарбия қушнинг икки қаноти сингари, бинобарин, ҳозирги макон ва замонда унинг бир қанотини синдириб, юксак парвоз этиб бўлмайди. Ҳар бир миллатда ўрнак олса арзийдиган улкан маърифий ва маданий мерос мавжуд экан, уни умумий мулкка айлантириш даркор. Шундагина кўзланган мақсадга эришамиз.