Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Учинчи Ренессансни шакллантиришнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Анжуман Ўзбекистон Миллий университети, М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиали, Тошкент давлат шарқшунослик университети билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик Акмал Саидов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров, Фанлар Академияси академиги, иқтисод фанлари доктори, профессор Саидахрор Гулямов, Қарши давлат университети профессори, сенатор Абдурахим Эркаевлар иштирок этди.
Шунингдек, Россия Федерациясида хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон Фанлар академияси мухбир аъзоси, Россия Фанлар академиясининг Бозор муаммолари институти бош илмий ходими Наби Зиядуллаев (Россия), Dongduk аёллар университети, Евроосиё туркий тадқиқотлар институти профессори ва директори Eunkyung OH (Корея Республикаси), давлат ва жамоат арбоблари, хорижий ва маҳаллий олимлар, профессор-ўқитувчилар, нуфузли олий таълим муассасалар ҳамда ташкилотларнинг вакиллари, конференцияга таклиф этилган меҳмонлар қатнашди.
Халқаро конференцияни очар экан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов давлатимиз раҳбари назарда тутган Учинчи ренессанс — мамлакатимизда илм-фан тараққиётининг, иқтисодиёт ва жамият истиқболининг, халққа хизмат қилиш ва кишиларни рози қилишдай эзгу ният билан амалга оширилаётган барча ютуқлар – халқимиз ақлу заковатининг, иқтидор ва истеъдод қувватининг ёрқин тантанаси бўлишини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, давлат ва жамоат арбоблари, хорижий ва маҳаллий олимлар, профессор-ўқитувчилар томонидан “Учинчи Ренессансни шакллантиришнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари” мавзусида ўтказилаётган халқаро илмий-амалий конференциясининг ўзига хос хусусиятлари, юртимизда олиб борилаётган барча ислоҳотлар инсон қадрини улуғлашга, унинг орзу-умид, эзгу мақсадларини рўёбга чақариш учун хизмат қилаётгани, бунёдкорлик ишларида бирдам бўлиш, янги Ўзбекистонни барпо этишда муносиб ҳисса қўшиш каби фикрлар билдирилди.
— Давлатимиз раҳбари томонидан “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” даъваткор ғояси илгари сурилди, — дейди Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Содиқ Сафоев. — Бунда ниҳоятда чуқур маъно бор. Миллий тикланиш, ўзлигимизни англаш, миллий давлатчилигимизнинг асосларини қайтадан барпо этиш босқичи тугади. Энди Ўзбекистонни ўз тарихий, цивилизацион ўрнини янгитдан тиклаш, ўзбек халқининг генетик инсоний потенциалига монанд тараққиёт даражасини таъминлаш, учинчи Ренессанс барқ уриш даври келди.
Дарҳақиқат, Она диёримизда яшаётган ҳар бир фуқаро юртимиздаги бунёдкорлик ишларида собидқадам бўлиш лозим. Буюк келажак сари интилиш, янги Ўзбекистонни барпо этишда муносиб ҳисса қўшиш, давлатимиз раҳбари бошлаган эзгу ташаббус ва мақсад йўлида бирга ҳаракат қилиш, бирлашиш зарур.
Анжуманда хорижий ҳамда маҳаллий соҳа вакиллари томонидан маърузалар қилинди. Соҳада мавжуд муаммолар, уларга ечим топиш, илмий тадқиқотлар натижалари ўртоқлашилди. Анжуман ташкилотчилари томонидан халқаро илмий-амалий конференцияга келиб тушган мақолалар ҳамда мутахассислар томонидан қилинган маърузалар матни тўплам ҳолида нашр этилди.
Конференцияда кўрилган масалалар, улар орқали чиқарилган хулосалар, тавсия ва таклифлар амалиётда ўз ўрнини топиши ва республика иқтисодиётини, мамлакатда туризм соҳаси ва унинг инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим ҳиссасини қўшишига ишонч билдирилди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизмати